Instagram ижтимоий тармоғидан фойдаланиш кўрсаткичи охирги тўққиз ой ичида чорактага ошган. Бутун дунё бўйича дастур орқали ҳар куни 80 миллионга яқин сурат юкланади. Бугунга келиб, Instagram фотохизмати фойдаланувчилари сони 400 миллион кишига етди. Бу ҳақда «RIA Новости» хабар бермоқда.
Ижтимоий тармоқнинг блогида ёзилишича, навбатдаги 100 миллион фойдаланувчи охирги тўққиз ойда рўйхатдан ўтган. Уларнинг ярмидан кўпи Европа ва Осиё ҳиссасига тўғри келади. Бразилия, Япония ва индонезиялик рўйхатдан ўтувчилар кўпчиликни ташкил этади. Instragram’чиларнинг фақатгина 25 фоизи АҚШда яшайди.
Хизмат 2010 йилнинг октябрь ойида ишга туширилган бўлиб, икки ой ичида бир миллион фойдаланувчига эга бўлганди. 2013 йилнинг февралида эса, ҳар ойлик фойдаланувчилар аудиторияси 100 миллион нафарга етди. Айни пайтда ижтимоий тармоқда, 40 миллиард дона сурат мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг декабрь ойида Instagram фойдаланувчилари сони 300 миллионга етиб, Twitter’дан ўзиб кетган эди.
Изоҳ (0)