АҚШ махсус хизматларининг Франция президентларига нисбатан разведка фаолияти иккала мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари учун номақбулдир. Бу ҳақда Франция ҳукумати расмий вакили Стефан Ле Фоль маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Унинг сўзларига кўра, иттифоқчилар ўртасидаги муносабатларда бундай амалиёт бўлишини тасаввур қилиш қийин. Ўз навбатида, Ле Фоль бу АҚШ-Франция муносабатлари инқирозига олиб келмаслиги зарурлигини таъкидлаган.
Франция президенти Франсуа Олланд томонидан Елисей саройида ўтказилаётган Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши якунида ҳам Париж Вашингтондан ушбу маълумот юзасидан тушунтириш талаб қилиши тўғрисида баёнот берилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 23 июнь куни Libération газетаси ва Mediapart сайти томонидан WikiLeaks билан ҳамкорликда ўтказилган журналист текшируви натижалари эълон қилинди. Унда айтилишича, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги 2006—2012 йилларда Франциянинг уч президенти — Жак Ширак, Николя Саркози ва Франсуа Олланд, шунингдек уларнинг энг яқин ёрдамчиларининг телефон суҳбатларини эшитган ва электрон хатларини ўқиган.
Изоҳ (0)