Корея Республикаси КХДРга сўнгги юз йил ичидаги энг кучлиси деб баҳоланаётган қурғоқчилик оқибатларига қарши курашишда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда КР бирлашув вазири Хон Ён Пхё айтиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
«Иккала Корея ҳам айни пайтда офат билан курашмоқда, ва бу вазият ҳамкорликни ривожлантириш учун туртки бўлиши мумкин. Агар КХДРдаги аҳвол ёмонлашса, КР унга зарур ёрдамни беришга тайёр», — деди у.
Вазирнинг айтишича, Сеул Пхеньяндан тегишли сўровни кутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея жорий йил ёзида сўнгги юз йилдаги энг кучли қурғоқчиликни бошидан кечираётгани хабар берилган эди.
КХДРда давом этаётган сўнгги юз йил ичидаги энг кучли қурғоқчилик қишлоқ хўжалигига улкан зарар етказмоқда. Ёмғирлар йўқлигидан бутун мамлакатдаги гуруч плантациялари, айниқса Хванхе ва Пхёнан провинсияларидаги экинлар нобуд бўлади.
Қайд этилишича, Шимолий Корея қишлоқ хўжалиги 1990 йиллар ўрталаридан буён ҳам қурғоқчилик, ҳам сув тошқинларидан бир неча марта зиён кўрган. Ғарб матбуоти бу даврда мамлакатда 100 минглаб одамлар ҳалок бўлгани ҳақида ёзган.
Изоҳ (0)