Хитой ҳукумати амалдорлар ва уларнинг оила аъзолари учун маҳаллий қамоқхоналарда сайрлар ташкил этмоқда. ТАССнинг хабар беришича, ушбу чора коррупция сабаб қамалган собиқ ҳамкасблари билан кўришган озодликдаги амалдорлар бундай қилмишлар қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхшироқ ҳис қилишларига ёрдам беради.
Хусусан, Хубей вилоятидаги Шиян шаҳрида май ойида партия етакчилари, давлат амалдорлари ва уларнинг турмуш ўртоқлари – 70дан ортиқ киши тарбиявий чора сифатида коррупсионерлар учун мўлжалланган маҳаллий қамоқхонага ташриф буюриб, бир кунни шу ерда ўтказишган. Бундай экскурсияларнинг сўнггиси ўтган ҳафта охирида ташкил этилди.
Маълумот учун, Хитой ҳокимияти тепасига 2012 йил охирида Си Цзиньпин бошлиқ раҳбарларнинг «бешинчи авлоди» келганидан сўнг коррупцияга қарши кураш сезиларли фаоллашди. Ҳозирги вақтда вилоят ёки вазир раҳбари даражасидаги 100дан ортиқ юқори мартабали амалдорлар коррупцияда гумон қилиниб, ё жавобгарликка тортилган, ёки тергов қилинмоқда. Улар орасида Хитойнинг собиқ жамоат хавфсизлиги вазири Чжоу Юнкан ҳам бор.
Изоҳ (0)