6 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига парламент сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни тақдим қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шу билан бирга, сиёсий партиялар томонидан сайловчиларнинг партияни қўллаб-қувватловчи имзоларини тўплаш жараёни якунланди. Ҳар бир партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида 40 мингта имзосини тўплаши зарур эди. Бунда Ўзбекистоннинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги лозим.
Шундай қилиб, барча сиёсий партиялар: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси парламент сайловида иштирок этиш учун тегишли ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига топширди.
Марказий сайлов комиссиясида имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттирмоқда. Унинг таркибида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, жамоат ташкилотларининг вакиллари, ички ишлар, адлия органларининг, шунингдек, аҳолини ҳисобга олиш билан шуғулланувчи муассасаларнинг мутахассислари бор.
Имзо варақаларини текшириш жараёнида ҳар бир сиёсий партиянинг ваколатли вакили ҳам иштирок этяпти.
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида қонунда белгиланган муддатда партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади.
Маълумот ўрнида, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасига биноан парламентнинг Қонунчилик палатасига сайлов 135 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи бўйича кўппартиявийлик асосида ўтказилади.
Изоҳ (0)