Тошкент шаҳрининг Шифокорлар шаҳарчасида жойлашган «Чимир ота» жомеъ масжидини қайта таъмирлаш ишлари битказилди. Масжид тарихий анъаналарга мос ҳолда пишиқ ғиштдан жуда чиройли қилиб тикланган, деб хабар беради Qadriyat.uz.
40 квадрат метр майдонни эгаллаган масжид хонақоҳи бўйи 35 метр, хонақоҳ ичидан гумбазнинг баландлиги 27 метрдир. Масжидга ажратилган умумий ер майдони ярим гектарга яқин. Хонақоҳ ва айвонларга бир вақтда 2000 дан ортиқ намозхон жойлашиши мумкин.
«Чимир ота» масжидинининг номланиши тўғрисида икки хил маълумот бор. Чимир ота Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг иқтидорли шогирдларидан ёки зурриёдларидан бири бўлиб, Яссавий тариқатини Шош диёрида тарқатиш учун пири муршидлари тамонидан жўнатилади. Иккинчи маълумотга кўра, Чимир ота тахминан 1450—1530 йилларда Тошкентда туғилиб, шу ерда яшаб вафот этган ва ҳозирги Чимир ота қабристонига дафн этилган уламолардан биридир.
Жомеъ масжиди 1989 йил октябрь ойидан расмий равишда фаолият бошлаган. Шинамгина безатилган қироатхона, кутубхона ва янги таҳоратхоналар намозхонлар ихтиёрида бўлиб, масжидда айвонлар, намоз ўқиш учун қўшимча бинолар мавжуд.
Жума ва ҳайит намозларида масжидда беш мингдан ортиқ намозхон ибодатларини адо этади.
Маълумот ўрнида, бу йил Islom.uz портали томонидан ташкил қилинган «Энг обод масжид» кўрик-танловида Чимир ота жомеъ масжиди ғолиб деб топилди.
Изоҳ (0)