Португалия пойтахти Лиссабонда «Вера» 8-Халқаро тасвирий санъат фестивалида ғиждувонлик Алишер Нарзуллаев кулолчилик йўналишида Гран-при соҳиби бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бадиий Академияси матбуот маркази хабар берди.
17—21 сентябрь кунлари ўтказилган фестивалда Португалия, Россия, Украина, Чехия, Исроил, Франция, Германия, Озарбойжон, Туркия, Австрия, Эрон ва Ўзбекистондан 87 нафар рассом иштирок этди.
Ўзбекистондаги энг таниқли кулоллардан бири Алишер Нарзуллаев 1953 йилда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. У «Халқаро уста» сертификатига эга бўлиб, ҳужжат ЮНЕСКО Бош директори Федерико Майор томонидан шахсан топширилган.
2002 йилда Алишер Нарзуллаев «Ўзбекистон Халқ устаси» унвонини қўлга киритган, 2003 йилда эса Ўзбекистон Бадиий Академияси академигига айланган.
Изоҳ (0)