Россиядаги асосий миллий болалар кўрсатуви бўлган «Спокойной ночи, малыши!» («Хайрли тун, кичкинтойлар!»)да янги қаҳрамон — йўлбарс пайдо бўлди, дея хабар бермоқда «РИА Новости». Бу ҳақда дастурни чиқарадиган «Класс!» телекомпанияси директорлар кенгаши раиси Александр Митрошенков эълон қилди.
«Бизда янги қаҳрамон бўйича кўплаб ғоялар бор эди. Улар орасида бўри, маймун, жирафа ва ҳатто от ҳам бор эди», — деди Митрошенков Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
«Марҳамат, янги қаҳрамонимизнинг прототипи билан танишинг», — дея қўшимча қилди у тирик йўлбарс боласини оммага таништирар экан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Митрошенков дастур яратувчилари кўрсатувнинг 50 йиллигига «сюрприз» сифатида янги қаҳрамон устида ишлаётганини маълум қилган эди. У янги қаҳрамон 3D форматда — ҳақиқий компьютер қаҳрамони бўлишини, табассум қилиш, қўл бериб кўришиш ва гаплаша олиш қобилиятларига эга бўлишини айтиб ўтган эди.
Мазкур ғоя эса Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга тегишлидир.
«Анчадан бери кўрсатув учун янги қўғирчоқ-қаҳрамон излаётган эдик. Биз жуда кўп вариантларни кўриб чиқдик. Бироқ, ростини айтсам, янги қаҳрамон ғояси президент томонидан илгари сурилди. Аввалига бу кутилмаган таклиф ҳақида ўйлаб қолдик, бироздан сўнг, унинг мўлжалга аниқ текканини тушуниб етдик», — деган эди «Класс!» телекомпанияси директорлар кенгаши раҳбари Александр Митрошенков.
Изоҳ (0)