АҚШнинг Даллас (Техас) шаҳридан Сан-Диего (Калифорния) шаҳрига йўл олган йўловчи самолёти фавқулодда қўнди. Твиттер ижтимоий тармоғида ушбу самолётга бомба қўйилгани ҳақида хабар пайдо бўлгач, Федерал қидирув бюросидан бундай талаб келиб тушган. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
Ҳодиса 24 август, якшанба куни American Airlines авиакомпаниясининг «Боинг-757» самолёти бортида содир бўлган. Ушбу рейс билан учаётган Sony Online Entertainment компанияси президенти Жон Смедлининг Твиттердаги аккаунтидан хакерлар томонидан юборилган бомба ҳақидаги огоҳлантириш авиакомпанияга келиб тушгач, ФҚБ самолётни Аризона штатидаги Финикс аэропортига зудлик билан қўндириш ҳақида қарор қабул қилган.
Самолёт эсон-омон қўниб олгач, унинг бортидан барча йўловчи ва экипаж аъзолари эвакуация қилинди, шундан сўнг лайнер ва юклар полициячилар томонидан текшириб чиқилди. Кўрикдан сўнг «Боинг» Сан-Диегога парвозини давом эттирди.
Бортда бомба топилган-топилмагани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмади. Смедлининг Твиттер-аккаунтини бузганлик бўйича жавобгарликни Lizard Squad номи остида машҳур бўлган хакерлар гуруҳи ўз бўйнига олди. Бу гуруҳ аввалроқ Sony PlayStation Network’ни бузишга алоқадорлигини ҳам тан олган эди.
Изоҳ (0)