Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Шахмат бўйича жаҳон чемпиони, «Амир Темур» ордени совриндори Рустам Қосимжонов «Мулоқот интервью» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди ва «Мулоқот» ижтимоий тармоғи аъзоларининг саволларига жавоб берди.

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

стевевоз

Шахматни танлашингизда ким сабабчи бўлган?

Рустам Қосимжонов: Ушбу саволни интервьюларда менга жуда кўп беришади. Бошида шахмат билан қизиқиш туфайли шуғулланганман. Кейинчалик бу қизиқишим билан жиддий шуғулланишни бошлаганман. Айнан кимдир сабабчи бўлган деб айта олмайман. Ўз танловим бўлган, бошқа ишларга нисбатан шахматни яхшироқ уддалаганман.

стевевоз

20 йил ортга қайцангиз ва келажакни олдиндан кўриш қобилиятига эга бўлсангиз яна шахматни танлаган бўлармидингиз ёки бошқа бирор касбними?

Рустам Қосимжонов: Агар 20 йил ортга қайтиш имкони бўлганда, нафақат шу соҳани танлаган, балки янада кўпроқ вақтимни шахматга сарфлаган бўлар эдим.

Шахматчи бўлганимдан афсусланмайман. Бу менинг танловим бўлган ва мен бундан розиман. Агар нимадандир афсусланадиган бўлсам, вақтида шахматда қилишга улгурмаган ишларимдан афсусланишим мумкин.

Джтима0300

Сиз бирон мусобоқада ғалаба қозонганингизда кўнглингиздан нималар ўтади? Ким билан ва қаерда ушбу ғалабани нишонлайсиз?

Рустам Қосимжонов: Одатда ҳар бир инсон ютуқларини ўз яқинлари билан нишонлайди. Охирги пайтлар ютуқларимни рафиқам билан биргаликда нишонлаймиз. Ҳар доим ҳам у мен билан бўла олмайди, бироқ кўп сафарларимда у ёнимда бўлади. Нишонлаганда ҳам оддий тарзда нишонлаймиз. Чунки дабдабани хуш кўрмайман. Одатда ўйиндан кейин барча шахматчилар қаттиқ чарчоқ туфайли тинчлик хоҳлашади. Ҳатто, жаҳон чемпиони бўлганимдан кейин Ўзбекистонга қайтиб, ғолиблигимни уч—тўрт кундан сўнг нишонлаганман.

ас-спутникий

Шахматга қизиқаман. Айтишларича бобомиз соҳибқирон Амир Темур шатранж ўйнаган эмиш. Шатранж билан шахматнинг фарқи борми? Жавоб учун олдиндан раҳмат!

Рустам Қосимжонов: Бунинг ўзига хос тарихи мавжуд ва турли хил таърифлари бор. Бошида шахматга ўхшаш ўйин тури бўлган ва у шатранж деб номланган. Кейинчалик бу ўйин бутун ер юзи бўйлаб тарқалишни бошлаган. Ҳозирги биз биладиган шахмат ўйини бизга Ғарбдан кириб келган. Бироқ Шарқдаги шахмат ўйини Ғарбдагисидан фарқ қилади. Мисол учун Хитой шахмати бизнинг шахматимизга ўхшаб кетади, аммо қоидалари умуман бошқача — шатранж ўйинига яқинроқ. Йиллар ўтиб шахмат қоидалари ўзгарган. Хитойча шахмат қийинлигига қарамасдан анча қизиқарли, бироқ уни кўпроқ Хитойда ўйнашади. Хитой шахматини ўйнайдиган шахматчилар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, японча «Шоги» номли шахмат тури ҳам мавжуд. У биз билган шахматдан анча қийин. Бу шахматда бирор дона олинса ҳам, кейин бошқа дона бўлиб яна ўйинга қайтади, шу боис шахмат тахтаси бўшаб қолмайди.

Оддийгина АЗИЗИМ (89дунё, ҲАЁТХОНИМ)

Қайси давлат мактабларида шахмат алоҳида фан сифатида ўтилади?

Рустам Қосимжонов: Расмий фан сифатида Туркия ва Арманистонда мавжуд.

икром бозоров

Неча ёшдан бошлаб шахмат ўйнаган маъқул?

Рустам Қосимжонов: Қанча вақтли бошланса, шунча яхши. Уч ёшидан шахмат ўйнашни бошлаган ва бугунга келиб яхши натижалар кўрсатаётганлар ҳақида кўплаб мисоллар мавжуд. Шунингдек, шахмат ўйнашни ёқтирмайдиган болалар ҳам бор, аммо улар ҳам бироз вақтдан сўнг шахматга қизиқиб қолади.

Интервью Тошкент шаҳридаги Април Вердант ресторанида ўтказилди. Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Интервью Тошкент шаҳридаги Април Вердант ресторанида ўтказилди. Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

АбдуРасул УлуғМурадов

Неча ёшингиздан шахмат ўйнашни бошлагансиз? Ёшлигингиздан шахматчи бўлишни орзу қилганмисиз?

Рустам Қосимжонов: Мен ўзим олти ёшимдан бошлаганман, саккиз ёшимдан эса жиддий шуғулланишга киришганман. Бу фақатгина ўз қизиқишим билан бўлган, чунки ота-онам шахмат ўйнашимга қарши бўлган. Ҳатто шу сабабли бошида шахмат билан шуғулланишимни улардан яширишга мажбур бўлганман.

Жамолиддин Жалолов

Биринчи устозингиз ким?

Рустам Қосимжонов: Биринчиси, акам десам ҳам бўлади. У қандай кучли ўйнаганини баҳолай олмайман, лекин илк шахмат партияларимни у билан ўйнаганман. Ўшанда мен олти ёш, акам эса 10 ёш бўлган. Биз доимо бирга шахмат ўйнаганмиз. У шахмат ўйнашни қаердан ўрганганини ҳеч сўрамаган эканман. Мактабга чиққанимдан сўнг, мураббийим Ўзбекистондаги энг кучли шахматчилардан бири Александр Василевич Глушенский бўлган. Айнан у киши менинг бор муҳаббатимни шахматга йўналтира олган.

Маҳаматик Махх

Ўзингизга ёққан ўйин ҳақида гапириб беринг.

Рустам Қосимжонов: Менимча, бу жаҳон чемпионати финали бўлган бўлса керак. Бу нафақат менинг ҳаётимдаги, балки бутун халқимизнинг тарихидаги унутилмас воқеа бўлган.

- WаЛвеРине -

«Орзунгиздаги» рақибингиз ким?

Рустам Қосимжонов: Мен дунёнинг бир қанча шахматчиси билан баҳс олиб борганман. Лекин бугунги кундаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен билан жиддий ўйин ўйнаш ўта қизиқарли бўлар эди, деб ўйлайман.

стевевоз

Сизга Ананд ва Каспаров ўйинининг ҳакамлиги топширилса, сиз бунга қандай жавоб берасиз?

Рустам Қосимжонов: Мен ҳакам эмасман ва, менимча, ҳакамлик қилиш зерикарли иш. Кўпроқ ўйинда иштирок этишни хуш кўраман.

стевевоз

Кўп расмларингизни, ўйинларингизни кузатганимда оғир, босиқ ҳолда ҳаракат қиласиз. Бу шахматчиларга хос хусусиятми? Ёки ҳар доим шундай босиқлик билан ҳаракат қиласизми?

Рустам Қосимжонов: Шахмат бу қийин спорт тури. Афсуски, кўпчилик буни тушунмайди. Шу сабабли шахмат ўйнаётганингизда ғолиб бўлиш учун бор диққат-эътиборингизни бир жойга тўплашингиз керак. Шахмат мусобақалари Москва давлат университетига имтиҳон топширишдан ҳам қийинроқ бўлади.

Ҳабибулла.чесс

Шахмат билан шуғулланиш инсон психологиясини ривожлантира оладими? Қай даражада таъсир кўрсатади?

Рустам Қосимжонов: Шахмат инсонни стрессларга чидамли қилади. Менинг жаҳлим тез чиқади. Лекин бошқаларга нисбатан стресс вазиятдан тез чиқа оламан. Бу шахмат билан шуғулланганимдан бўлса керак, деб ўйлайман.

Шоирбек Босиджонов

Интернетда ўз сайтингизга эга бўлсангиз керак. Шу сайтингиз УРЛ манзили қандай? Сиз билан онлайн тарзда шахмат ўйнашнинг имкони борми?

Рустам Қосимжонов: Расмий сайтим йўқ. Онлайн ўйинларни ёқтирмайман. Ўйнасам ҳам ўзим учун, шунчаки вақт ўтказиш учун ўйнашим мумкин. Кўпроқ жонли ўйнашни маъқул кўраман.

Ижтимоий тармоқлардан деярли фойдаланмайман. Бунга сабаб аввал ижтимоий тармоқларга кирганимда улар жуда кўп вақтни олишини тушунган эдим. Ундан кўра бу вақтни мазмунлироқ ўтказиш мумкин. Шу сабабли ижтимоий тармоқларни унча хуш кўрмайман, бироқ уларни ташкил этганларга ҳурматим чексиз.

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Шоирбек Босиджонов

Шогирдларингиз борми? Улар ҳақида гапириб беринг. Режадаги энг муҳим ўйинингиз қачон ва қаерда ўтказилади?

Рустам Қосимжонов: Айнан тарбиялаётган шогирдларим йўқ. Лекин юқори натижаларга эришган шахматчиларнинг айримларига ёрдам бериб турганман. Уларни шогирдим деб айта олмайман-у, аммо улар бирор ёрдам сўраса, қўлимдан келганча кўмаклашишга тайёрман.

Ипҳоне 5с

Сиз қайси шахматчиларни ўзингиздан зўр, деб биласиз ва қайси шахматчилар билан ўйнашни орзу қиласиз?

Рустам Қосимжонов: Балки мухлисларим мендан бошқа жавоб кутгандир, лекин бунақа шахматчилар жуда кўп. Бироқ шахмат ўйнаш учун бу менга тўсқинлик қилмайди. Масалан, агар мендан кучлироқ ўйнаса ҳам, мен унинг устидан ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан. Шахматда баъзан кутилмаган натижалар ва бурилишлар ҳам бўлиб туради.

вахобов.лоиқжон

Шу кунга қадар эришган ютуқларингиз сизни қониқтирадими ёки ҳали ҳам кам деб ўйлайсизми?

Рустам Қосимжонов: Жаҳон чемпионати ғолиби бўлганим билан, албатта, фахрланаман — буни рад этишим аҳмоқлик бўлади. Яна Осиё ўйинлари совриндори бўлганимдан ғурурланаман, чунки бу медаль Ўзбекистон совринлари қаторидан ўрин эгаллаган. Агар касбим доирасида гапирадиган бўлсам, ҳали жуда кўп қиладиган ишларим ва қўлга киритмаган ютуқларим бор.

Бек Uzbekistan

Шахмат партияларида кўп бор эътибор берганмиз икки қўлингиз билан қулоғингизни беркитган ҳолатда ўйин ўтказасиз. Бунинг сабаби нимада? Ёки шу ҳолатда ҳам бирор хислат борми?

Рустам Қосимжонов: Кўпчилик шахматчилар бошини ушлаган ҳолатда шахмат ўйнайди. Бу ҳолат нафақат шахматчиларга, балки оддий одамларга ҳам хос. Шу ҳолат орқали одамлар диққатини жамлайди. Шу каби бу одат шахматчиларда ҳам бор. Қўллар стол устида қулай жойлашади ва бу ҳолатда шахмат ўйнаш анча осон. Очиғини айтганда, ўзим қандай ўтиришимга аҳамият бермаган эканман. Аммо ўйин давомида одамларнинг, фотосуратчиларнинг назаридан яширинмоқчи бўлсам, кўзимни қўлларим билан беркитиб оламан.

Бек Uzbekistan

Шахматдан ташқари, бошқа спорт турларига ҳам қизиқасизми, шуғулланасизми?

Рустам Қосимжонов: Катта теннис билан шуғулланаман. Лекин профессионал тарзда эмас. Олдинлари сузиш билан шуғулланар эдим. Ҳозирги кунда юрагимга яқини катта теннис. Шахматдан бўш бўлган пайтларимда теннис ўйнашга ҳаракат қиламан.

Жувентус Турин

Бутун шахмат тарихидаги энг кучли шахматчи деб кимни эътироф этасиз?

Рустам Қосимжонов: Қийин савол, чунки турли давр шахматчиларини қиёслаб бўлмайди. Мисол учун, мен шахматни ўрганган пайтимда Фишерни энг яхши деб билганман. Лекин Фишерни Каспаров ёки бугунги жаҳон чемпиони Карлсон билан қиёслаш жуда ҳам қийин. Карлсон жуда кучли ўйинчи ва мен у билан бирор партия ўйнашни хоҳлар эдим. Агар энг кучли учликни айтинг деб савол берилганда, шубҳасиз, мана шу уч кишини айтар эдим.

Жувентус Турин

Шахматда қайси услубни ёқтирасиз ва нимага?

Рустам Қосимжонов: Шахматда услуб тушунчаси йўқ. Чунки сизнинг юришингиздан ташқари рақибингизнинг ҳам юриши мавжуд. Ўйин натижаси 50% сизга, 50% рақибингизга боғлиқ бўлади. Шу сабабли ҳар бир ўйинни шахматчи ўз йўли бўйича ўйнашга тўғри келади.

анчик1191

Шахмат сизга чемпионликдан ташқари нима берди?

Рустам Қосимжонов: Кўп нарса берди. Нафақат шахматга бўлган муҳаббат туйғусини, балки жамиятда ўз ўрнимни топишда ёрдам берди. Бундан ташқари халқнинг менга бўлган меҳр-муҳаббатини берди. Буни жуда кўп сезаман, айниқса, Тошкентга келганимда. Халқнинг меҳри беминнат ва буни ҳар сафар ҳис этганимда, айнан шу йўлни танлаганимдан афсусланмайман.

Бобомурод Санақулов

Айтишларича, математикани яхши биладиган ўйинчи бошқалардан кучли ўйнар экан, шу гапларга қандай қарайсиз?

Рустам Қосимжонов: Математика билан ҳеч қачон муаммом бўлмаган. Шуни таъкидлаш керакки кўпчилик шахматчилар рақамлар билан яхши келиша олади. Лекин турли хил шахматчилар бор — уларнинг орасида гуманитар соҳа вакиллари ҳам мавжуд. Бироқ баъзи шахматчилар математикани яхши билмаса ҳам шахматни яхши ўйнайди.

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Рамсей

Сиз ёқтирган фильм?

Рустам Қосимжонов: Фильм томоша қилишни яхши кўраман. 40—50 йиллар классик фильмларини ёқтираман. Айнан қайси фильм эканлигини айта олмайман, аммо «хеж-хок» йўналишидаги ва қўрқинчли фильмларни яхши кўраман.

Рамсей

Рустам Қосимжонов футболга қизиқадими?

Рустам Қосимжонов: Агар жаҳон чемпионати бўлса кўришим мумкин. Ёки дўстлар билан футбол ўйнаш ёқади. Умуман олганда, қизиқмайман.

Умид Алимов

Шахматдаги энг тўғри йўл бу нима?

Рустам Қосимжонов: Бу фалсафий савол. Ҳар ким ўз йўлини излайди: кимдир натижаларни, кимдир ўйин жараёнини, бошқа биров эса рақиб устидан ғалаба қозонишни ёқтиради. Шу сабабли бу саволга ҳар ким ўзидан келиб чиқиб жавоб беради.

Музаффар Саидов

Агар сир бўлмаса нечта хорижий тилни биласиз?

Рустам Қосимжонов: Ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида гаплаша оламан.

Рахмиддин Тожибоев

Мен ҳам шахматга роса қизиқаман, аммо тенгдошларим орасида ҳеч бири билмайди. Шу спорт турини мактабларда ҳам чуқур ўқитиш йўлга қўйилса ёшларга фойда бўлармиди?

Рустам Қосимжонов: Саволнинг биринчи қисмига жавоб берадиган бўлсам, бугунги кунда шахмат ўйнаш муаммо эмас. Интернетда шахмат ўйнаш учун жойлар бор, ҳар бир одам унда шахмат партиясини ўтказиши мумкин. Агар атрофингизда бирор рақиб топилмаса, интернетдан топиш ҳам мумкин. Мактабларда шахмат дарсларини йўлга қўйиш учун бир неча омил зарур. Биринчидан, дарсликлар, иккинчидан, шахмат ўйнаш учун зарур буюмлар, учинчидан, дарс ўтувчи мутахассислар керак. Ўзбекистонда 10 миллион ўқувчи бор бўлса, тасаввур қилинг уларга шахмат учун қанча зарур нарсалар керак бўлади. Шунингдек, етарли даражада ўқитувчилар ҳам йўқ. Буларнинг барчасини назарий жиҳатдан қилиш мумкин, аммо жуда кўп вақт керак бўлади.

Камилка Карамелка

Қайси касб эгаларини кўпроқ ҳурмат қиласиз?

Рустам Қосимжонов: Бу ҳақда ҳеч қачон ўйлаб кўрмаганман. Ҳар доим қайси соҳа бўлишидан қатиий назар, ўз соҳасида юқори ютуқларга эришган одамларни ҳурмат қиламан.

Бек Uzbekistan

Бирор ўйиндан олдин шу шахматчига мағлуб бўлсам керак деган қўрқув бўлганми?

Рустам Қосимжонов: Албатта, ҳар бир ўйин олдидан ҳаяжон босади. Ҳаттоки, ютқазиш фикри ҳам хаёлдан ўтади. Бу спортчилар учун ҳар бир мусобоқадан олдин бўладиган одатий ҳол. Айниқса, у ҳал қилувчи, жиддий ўйинлар бўлса ҳаяжон кучлироқ бўлади.

 

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

ринат2007

Энг олий мақсадингиз нима ва унга эришганмисиз?

Рустам Қосимжонов: Бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман. Шахмат тўғрисида гапирадиган бўлсак, авваллари мақсадларимдан бири жаҳон чемпиони бўлиш эди. Лекин бу билан тўхтаб қолмасдан, янада юқори натижаларга эришишга ҳаракат қиламан.

ОтабекНазимов

Қачон ўзингизнинг шахмат мактабингизни очасиз?

Рустам Қосимжонов: Режада бор, бироқ ҳозир эмас. Чунки мактаб очиш жиддий масала, жуда кўп вақтни ва кучни талаб этади. Ушбу лойиҳа ҳозирча амалга оширилмайди. Ҳозир мен шахматчи сифатида ўз йўналишимни олиб боряпман. Қачондир шахматдаги карерамни тўхтацам, шунда мактаб очиш ҳақида ўйлайман.

ОтабекНазимов

Севиб ўқийдиган шахмат китобингизнинг номи нима?

Рустам Қосимжонов: Менимча, бундай китоб йўқ. Ёшлигимда Немсовичнинг «Менинг системам» китоби ёқар эди ва у мен учун муҳим эди. Кейин бир неча китоб ўқидим, уларнинг ҳар биридан турли хил нарса ўргандим, шу боис улардан айнан бирини ажратиб кўрсата олмайман.

Муҳаммаджон Салим

Инсон мақсадига эришиши учун нима қилиши керак?

Рустам Қосимжонов: Биринчидан, ўзига ишониши керак. Агар шахмат тўғрисида гапирадиган бўлсак, шахмат билан иложи борича вақтлироқ шуғулланишни бошлаш керак. Агар 18 ёшдан шахмат ўйнашни бошласангиз, ўзингиз учун ўрганишингиз мумкин, лекин катта ютуқларга эриша олмайсиз. Агар чемпион бўлиш мақсади бўлса, шахмат билан шуғулланишни уч—тўрт ёшдан бошлаш керак.

Махамадсодиқ Ҳидоятов

Энг қисқа мотни қачон амалга оширгансиз ва у ким эди?

Рустам Қосимжонов: Шахмат партиялари камдан-кам мот билан тугайди. Чунки мот бу ўйиннинг охирги нуқтаси. Ҳаётда бир-бирини ҳурмат қилувчи рақиблар, мот бўлишигача уч—тўрт юришни аввалдан билади ва ўйинни тўхтатади.

стевевоз

Виртуаллик ва реаллик, булар орасида қандай боғлиқликни ёки фарқни сезасиз?

Рустам Қосимжонов: Ҳар кимнинг ўз реал дунёси бор. Кимдир интернетда суткасига 24 соат вақтини ўтказиши мумкин ва бу унинг ўз реаллиги. Мен охирги пайтларда реал ҳаёт тарафдориман. Айниқса, кўпроқ спорт билан шуғулланиб, ўша спортда бирор ютуққа эришишни хоҳлайман. Ўз қўлларинг билан нимагадир эришиш бу ажойиб туйғу.

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Интервью бошловчиси Зуҳра Юнусовадан саволлар:

Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

Рустам Қосимжонов: Ўзимни спорт билан шуғулланишга мажбурлайман. Ишим кўплиги, иш режам жуда бандлигига қарамасдан спорт билан шуғулланишга ҳаракат қиламан. Жисмонан чиниққан одам доим ўзини яхши ҳис қилади ва ишлари ўнгидан келади. Ҳатто мусобоқалардан кейин ҳам тренажёрда бирор соат югуриш билан машғул бўламан. Шу билан ақлий толиқишни енгаман. Бўш вақтимда дангасалик қилмоқчи бўлсам, кино ёки сериалларни кўришни ёқтираман.

Тошкентдаги овқатланиш учун яхши кўрган жойингиз?

Рустам Қосимжонов: Тошкентда жуда кам бўламан, шу сабабли яқинларим билан биргаликда, уйда овқатланишни ёқтираман. Тошкент тез ривожланаётган шаҳар бўлгани учун ҳар куни ҳар хил жой барпо этилмоқда. Одам қаерга боришни ҳам танлай олмай қолади.

Спиртли ичимликларга муносабатингиз қандай?

Рустам Қосимжонов: Алкогольли ичимлик ичмайман. Қачонлардир ичиб кўрганман, лекин ҳозир хушёрлик тарафдориман. Кўпроқ мевали шарбатларни хуш кўраман.  Ҳатто дўстларим билан йиғилганимизда ҳам ўзимга алкогольсиз коктейлларни буюртма қиламан ва, албатта, бу жуда зерикарли (кулади).

Севимли миллий таомингиз?

Рустам Қосимжонов: Албатта ош! Айниқса, тўй оши. Ҳар кун есам ҳам жонимга тегмайди.

Севимли мевангиз?

Рустам Қосимжонов: Гилос. Чет элдан Ўзбекистонга ташриф буюрсам ҳам айнан гилос пишадиган ойни мўлжаллайман.

Ўзбекистондаги севимли шаҳрингиз?

Рустам Қосимжонов: Тошкент. Рафиқам бухоролик бўлганлиги сабабли Бухорони ҳам биламан. Бироқ барча тарихий жойларида бўлмаганман. Хивага ҳеч қачон бормаганман. Самарқандга бориш режамда бор, чунки у ерда бўлганимга 23 йил бўлди.

«Мулоқот» ходимаси Зуҳра Юнусова, Рустам Қосимжонов ва «Дарё» ходими Алишер Азимов. Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

«Мулоқот» ходимаси Зуҳра Юнусова, Рустам Қосимжонов ва «Дарё» ходими Алишер Азимов. Фото: «Мулоқот» / Фахриддин Убайдуллаев

Рустам Қосимжонов суҳбат якунида Рахмиддин Тожибоевнинг композиторлик ҳақидаги саволини «Энг яхши савол» деб топди. «Энг яхши савол» эгасига «Мулоқот» сайтлар тармоғидан эсдалик совғаси тақдим этилади.

«Мулоқот» сайтлар тармоғи ташкил этган «Мулоқот интервью» лойиҳасида ўтказилган бошқа суҳбатларни Интервью.uz сайтида ўқишингиз мумкин. Шунингдек, яна бўлиб ўтадиган интервьюларда ўз саволларингиз билан қатнашишингиз мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
“Гуруҳларда ҳазил ёки киноя қилиб айтган гапларимни ҳам чиқариб юборадиган журналистлар бор” — Шоҳрух Ғиёсов
Маҳаллий
“Кўпчилик мени ёлғон маълумот тарқатганликда айблайди” — Шоҳрух Ғиёсов журналист ва блогерларнинг ўзига муносабати ҳақида гапирди
Маҳаллий
Қўшимча талаб этиладиган 37,5 минг тонна пиёз 1 апрелга қадар ички бозорларга киритилади