Футзал бўйича IIИОсиё чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 20 май куни Ўзбекистон футзал уюшмаси томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси хабар берди.
Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига мурожаат қилган Ўзбекистон футзал уюшмаси президенти Фазлиддин Сирожиддинов шундай деди: «Биринчи навбатда, барчангизга чуқур миннатдорчилик билдирмоқчиман. Сиз Осиё чемпионати каби нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила олдингиз. Умид қиламанки, кейинги Осиё чемпионатида ҳам сиз совриндорлар қаторидан жой олиб, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритасиз».
Футзални ривожлантириш, ҳамда футзал бўйича миллий терма жамоа обрўсини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон футзал уюшмаси бундан буён терма жамоа аъзоларига ойлик маош тўлайдиган бўлди.
«Биз Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда Ўзбекистон футзал уюшмаси раҳбарияти билан келишиб, сизларга, яъни терма жамоа аъзоларига ойлик маошларини таъсис этишга қарор қилдик. Эндиликда, миллий терма жамоа аъзолари ҳар ой Ўзбекистон футзал уюшмаси томондан ойлик маошларини олади, бу эса, терма жамоада ўйнаш иштиёқини янада оширади», — деб таъкидлади Фазлиддин Сирожиддинов.
Изоҳ (0)