Англиянинг «Манчестер Сити» футбол клуби энг кўп маош олувчи спорт клублари рўйхатида кетма-кет иккинчи йил етакчилик қилди. Бу ҳақда championat.com хабар берди.
Sporting Intelligence компаниясининг ESPN билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқоти натижаларига кўра, «Манчестер Сити» футболчилари айни пайтда ҳафтасига 103 минг фунт стерлинг ($ 156 минг) маош олади. Ҳар бир ўйинчининг ўртача йиллик даромади 5,3 миллион фунт стерлинг ($ 8,1 миллион)ни ташкил этади.
Рейтингнинг иккинчи ўрнида «Нью-Йорк Янкиз» бейсбол клуби жойлашди. Яна бир бейсбол жамоаси «Лос-Анжелес Доджерс» учинчи поғонани эгаллади. Топ бешталикни Испаниянинг «Реал» ва «Барселона» футбол клублари якунлади.
Шунингдек, Англия премьер-лигаси футбол дунёсида энг кўп даромад олиши маълум бўлди: ҳар бир ўйинчи йилига ўртача 2,27 миллион фунт ишлаб топади.
Рейтингнинг биринчи йигирматалигига бешта инглиз жамоаси кирди. У ерда «Манчестер Сити»дан ташқари, «Манчестер Юнайтед» (йилига 4,3 миллион фунт), «Челси» (4 миллион фунт), «Арсенал» (3,9 миллион фунт) ва «Ливерпул» (3,4 миллион фунт) бор.
Изоҳ (0)