Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди ва унда 15 корхона ҳамда ташкилот 47 бўш иш ўрни билан иштирок этди, деб хабар бермоқда ЎзА.
– Бугунги ярмаркада асосий эътибор хотин-қизлар ва касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштиришга қаратилди, – дейди Тахтакўпир тумани бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори ўринбосари А.Алланиёзов. – 2014 йилда туманда олти марта ана шундай тадбир ўтказиш режалаштирилган.
Меҳнат ярмаркасида 30 дан зиёд фуқарога ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Кегейли туманидаги Халқобод саноат-транспорт касб-ҳунар коллежида ўтказилган меҳнат ярмаркасида 29 корхона ва ташкилот томонидан таклиф этилган иш жойлари, айниқса, ёшларни кўпроқ қизиқтирди.
– Нукус шаҳар 2-тиббиёт коллежини 2013 йили битирганман, – дейди Насиба Холмуродова. – Ярмаркада ўзимга муносиб иш топдим, «Халқобод» қишлоқ врачлик пунктига ишга йўлланма олдим.
Изоҳ (0)