Навоийда 16 ёшли бола отасининг машинасида ЙПХ ходимини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлди. Бу маълумотни “Дарё”га Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати тасдиқлади.
Маълум бўлишича, воқеа 19 январь куни соат 1:45 ларда Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида содир бўлган. Вилоят ЙҲХБ инспектори Жасур Муҳаммадов давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган.
Бироқ ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмай, йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ҳамда инспекторни уриб юборган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб кетган. Инспектор ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида Kia Sonetъни 2008 йилда туғилган С.М. бошқаргани, автомобиль унинг отасига тегишли экани аниқланган. Автомобиль яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.
Инспектор Жасур Муҳаммадов 1993 йилда туғилган, 2 фарзанднинг отаси бўлган. У ички ишлар органлари тизимида 2017 йилдан буён ишлаб келган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 266 (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117 (хавф остида қолдириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)