Шавкат Мирзиёев инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида “Ўзтрансгаз” ва “Ўзметкомбинат” ва “Ўзсувтаъминот” раҳбарларини қаттиқ огоҳлантирди.
Президент матбуот котибининг маълум қилишича, етарли шароит бўла туриб, инвестиция режаси тўқимачиликда 17 миллион долларга кам бажарилган, инвестиция “Ўзтрансгаз” ва “Ўзметкомбинат”да 2 баробар, “Ўзсувтаъминот”да 20 фоизга пасайган. Давлат раҳбари ушбу ташкилотлар раҳбарлари 2025 йил биринчи чоракда ўзгариш қилмаса, уларнинг фаолиятига баҳо берилиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирди.
Шунингдек, Экология, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат активлари, Фармацевтика ва Ўрмон хўжалиги агентликларида грант олиб келиш режаси 25 фоизга ҳам бажарилмагани, Қурилиш, Транспорт, Маданият вазирликлари, Туризм қўмитаси олиб келган гранти эса 10 миллион доллардан паст бўлгани танқид қилинди.
Умуман, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Спорт, Олий таълим, Маданият, Экология, Қишлоқ хўжалиги, Рақамли технологиялар, Қурилиш вазирликларининг инвестиция ва грант олиб келиши бор имкониятларга мутлақо мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Салоҳияти юқори бўлган Франция, Япония, Италия, Венгрия, Малайзия, Испаниядан ўтган йили 100 миллион доллар ҳам инвестиция келмагани қайд этилди.
Йиғилишда президент инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйгани сабаб Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевни лавозимидан озод этди. Инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйган Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот, Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари, Оҳангарон шаҳри ҳокимларига ҳайфсан эълон қилди.
Изоҳ (0)