Ўзбекистонда ўзига кредит ажратилишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги қонунга жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқларини, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартларини, шунингдек, кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битими тузгани учун жавобгарлик белгиланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси 2024 йилнинг декабрида биринчи ўқишда кўриб чиқилганди. Ушбу қонун лойиҳаси Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унда жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали у билан кредит битимини тузишни тақиқлаши мумкин бўлади.
Шу муносабат билан кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар реестрини яратиш кўзда тутилган. Марказий банк ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев реестрга киритилган шахс кейинчалик банклардан кредит олишни хоҳласа, қайта ариза бериб кредит олишини билдирганди. Депутатларнинг таъкидлашича, жисмоний шахслар ўз номига кредит олишни тўхтатиб қўйиш амалиёти бепул бўлади.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида лойиҳадаги кредит бюроларга нисбатан Марказий банк томонидан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар ҳамда Марказий банкнинг кредит бюроларини фаолиятини тартибга солишга доир ҳуқуқий нормаларга таҳририй ва аниқлаштирувчи тузитишлар киритилди.
Халқ вакилларининг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар номига уларнинг хабарисиз кредитларни расмийлаштириш ва тақдим этилган пул маблағларини ўзлаштириш ҳолларининг олдини олиш ҳамда кредит бюролари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда 1 ноябрдан 2025 йил 1 апрелгача банкларда онлайн кредит ажратиш бўйича вақтинчалик тартиб йўлга қўйилган. Унга кўра, кредит ташкилотининг мобил иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиш талаб этилади. Шу билан бирга, фуқаро томонидан кредит олишга ариза юборилгандан сўнг унинг кредит тарихи икки босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) ўрганилади. Текширув натижасига кўра, мижознинг қарз юки ошгани ёки муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.
2024 йил I чорагида Ўзбекистонда 2-3 мингтагача киберфирибгарлик жиноятлари содир этилгани хабар қилинганди. 2023 йилнинг январь–ноябрь ойларида эса 5 минг 500 та кибержиноят содир этилган. Шундан 70 фоизи банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари ҳисобланади.
Изоҳ (0)