Президент раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар сарҳисоби ва 2025 йил учун устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Банклар иштирокида 13 та туманда саноатлашган плантация ташкил қилиш бошланди. Бу ерларда “етиштириш – қайта ишлаш – сотиш” занжири асосида юқори қўшилган қиймат яратилмоқда.
Масалан, Жомбойда 15 гектарда малина етиштирилади. Тадбиркор 170 та хонадонга кўчат тарқатиб, йилига 200 тонна маҳсулот олади. Энди тадбиркор Миллий банк кўмагида 200 тоннали музлаткич ўрнатиб, йилига 25 тонна тайёр мураббо ишлаб чиқармоқчи. Натижада аҳоли ва тадбиркор даромади 2 карра ошади. Ушбу тажриба асосида келгуси йилда яна 50 та туманда шундай лойиҳа ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Ўтган олти йилда 1 миллион 600 минг нафар аҳоли “яхши” кредит тарихига эга бўлди. Шу билан бирга, тарихи “ўрта” баҳоланганларга янги кредит олишда талаблар кучайиши табиий. Бундай мижозларнинг кредит тарихини яхшилаш, келгусида улар тадбиркорга айланиши учун банклар катализатор бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Келгуси йилда лойиҳаси бор 100 мингта “ўрта” тоифадаги мижозлар билан уч ойлик индивидуал режа асосида ишлаш, уларнинг солиқ, электр, газ каби бошқа тўловларини ҳам инобатга олиш, молиявий билимини ошириш ва лойиҳаларини яхшилаш орқали уларни тадбиркорга айлантириш таклиф қилинди.
Йиғилишда республика бўйича 60 та илғор шаҳар-туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Бу туманларда келгуси йилда 2 миллион аҳолини банд қилиш, 417 мингта оилани камбағалликдан олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Туман ва шаҳар ҳокимларига ушбу туман-шаҳарларда инфратузилмани яхшилаш топширилди.
Аниқланган имкониятларни натижага айлантириш учун банклар мустаҳкам молиявий ресурсга эга бўлиши кераклиги таъкидланди. Давлат маблағлари қаторида ташқи манбалардан ҳам ресурс жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун ҳар бир банкда чет элдан маблағ олиб келадиган ишчи гуруҳ тузиш, хорижий банклар билан тизимли ишлаб, чет элда роуд-шоулар ўтказиш, евробонд чиқариш, банк рейтингини яхшилаш ва халқаро стандартларга мослашиш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Охирги 5 йилда кичик ва ўрта бизнеснинг кредит портфелидаги улуши 40 фоиздан 28 фоизгача пасайгани кўрсатиб ўтилди. Бундай кредитлар улушини 40 фоизга ёки 120 триллион сўмга етказиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Умуман, йирик лойиҳаларни кичик бизнес ҳисобидан молиялаштириш амалиётига чек қўйиш вақти келгани қайд этилди.
Изоҳ (0)