ДХХ олтин илинжидаги завод ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилганини маълум қилди.

Хабар берилишича, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-сонли Гидрометаллургия заводида фаолият юритувчи 2 нафар смена устаси ва 1 нафар бўлинма аппаратчиси осон бойлик орттириш ниятида ўзаро олдиндан тил бириктирган.
Улар келгусида талон-торож қилиш мақсадида таркибида кўп миқдорда олтин моддаси мавжуд бўлган оғирлиги 2 кг ярим тайёр маҳсулотни завод ичидаги ҳаво тозалаш қувурига яшириб қўйган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда олтин илинжидаги ушбу шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига нуқта қўйилди.
Тегишли хулосага кўра, мазкур ярим тайёр маҳсулот таркибида жами 1 кг 523 грамм соф олтин борлиги аниқланиб, унинг баҳоси 2 млрд 102 млн сўмни ташкил этади.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистондан қадимий тангалар ва қуйма олтин бўлакларини олиб чиқиш ҳолати аниқланган эди. Шунингдек, Тошкентда қадимий олтин тангаларни сотмоқчи бўлган шахслар ушланган.
Изоҳ (0)