Қирғизистон Жўқорғи Кенеши йиғилишида депутатлар Асқар Акаевнинг собиқ президент мақомини қайтариш ҳақидаги илтимосини рад этди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
85 депутатдан 71 нафари рад жавобини берди, икки нафари қарши чиқди. Аммо кейинчалик улар хато қилганликларини ва парламент қарорини қўллаб-қувватлашларини билдирди. Жўқорғу Кенеш раиси Нурланбек Шакиев Акаевнинг илтимосини рад этганлари учун депутатларга миннатдорлик билдирди.
У Қирғизистон мустақиллиги йилларида мамлакатда яхшиликдан кўра ёмонлик кўпроқ бўлганини ва бунда биринчи президент сифатида Аскар Акаевнинг айби катта эканини таъкидлади. Шакиев Аксий воқеаларини ҳам тилга олди — 2002 йил 17 мартда Қирғизистон ҳудудининг бир қисмини Хитойга беришга қарши чиққан маҳаллий аҳолининг намойиши ўққа тутилганини эслатиб ўтди.
“Аксий туманида сайланган депутат сифатида шуни айтмоқчиманки, ҳамюртларимиз бу масалада бизнинг қароримизни жуда эътибор ва хавотир билан кутган. Қанчалик тўғрилигини тарих кўрсатади ва халқ ўз баҳосини беради, мен эса қарор тўғри бўлган деб ҳисоблайман”, деди Шакиев.
Акаевнинг 2010 йилда маҳрум этилган собиқ президент мақомини қайтаришни сўраб ёзган хати сентябрь ойи бошида Жўқорғи Кенешга келиб тушганди. Қирғизистоннинг амалдаги раҳбари Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, илтимос Акаевнинг собиқ президент сифатида тарихда қолиш истаги билан боғлиқ.
Асқар Акаев 80 ёшга тўлди. Менимча, уни пенсия, қўриқлаш ва бошқа нарсалар қизиқтирмайди. У ҳозир ҳам қўриқчисиз эркин юрибди. Аскар Акаев ҳукмронлиги даврида кўплаб камчиликлар мавжуд эди. Турли манфаатлар ҳам бор эди. Бироқ шу билан бирга, мамлакат мустақилликка эришган йилларда ижобий жиҳатлар ҳам бўлган. Буни ҳам айтиб ўтиш лозим, деди у.
Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган. 2005 йил март ойида оммавий норозилик намойишлари ҳукумат алмашишига олиб келган. Ўшанда Акаев ва унинг оила аъзолари Қирғизистондан Москвага қочиб кетган. Кейинроқ президент истеъфога чиққан.
- “Қумтор” олтин конини ўзлаштириш билан боғлиқ жиноят иши доирасида Асқар Акаевга 1992 йилда Cameco компанияси билан бош келишувни тузиш, 2003 йилда “Қумтор” лойиҳасини қайта ташкил этиш эпизодлари бўйича жиноятга шериклик қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айблов эълон қилинди.
- 2010 йилда, апрель инқилобидан кейин Акаев Қирғизистоннинг собиқ президенти мақомидан маҳрум қилинганди.
2021 йилда у Қирғизистонга икки марта – “Қумтор” иши бўйича тергов доирасида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилиш учун келган. Шундан сўнг у Москвага қайтиб кетган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Акаев жиноятни содир этишдаги айбини тўлиқ тан олган ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилган. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши даъво муддати ўтгани сабабли тўхтатилган.
Изоҳ (0)