Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида транспорт хизматларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аҳоли фаоллиги ошиб, туризм жадал ривожланаётган Хоразмда транспорт хизматлари ҳам яхшиланмоқда. Шу мақсадда “Бунёд йўловчи ташиш” корхонаси томонидан қарийб 8 миллион доллар эвазига 80 та замонавий автобус олиб келинмоқда. Ҳозирга қадар шундан 50 таси келтирилган. Давлат раҳбари вилоятга ташрифи чоғида аҳолига яратилаётган қулайликлар билан танишди.

EVРО-5 талабларига муносиб мазкур автобусларнинг сиғими 70 кишилик. Таги паст бўлгани учун ногиронлар ва кексалар учун ҳам қулай. Шунингдек, Wi-Fi ва кузатув камералари ҳам мавжуд. Бундай замонавий жамоат транспортидан кексаю ёш бирдек мамнун.
Аввалги кичик автобусларнинг ҳар бири кунига 200-300 кишини ташиган бўлса, янги автобусларнинг ҳар бири минг кишига хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг қатнов оралиғи вақти ҳам икки баробарга қисқариб, 5-12 дақиқага тушди. Натижада Урганч шаҳрида аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 38 фоизга етди.

Бундай шароитлар транспорт етишмовчилиги ва кўчаларда тирбандликнинг олдини олиб, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига хизмат қилмоқда. Жамоат транспорти билан яхши қамраб олинмаган ҳудудлар учун корхона томонидан тез кунда яна 30 та автобус олиб келиниши кўзда тутилган.
Президент жамоат транспортини туманлар билан самарали боғлаб, йўналишларни қулайлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Йўлларни таъмирлаб, ҳайдовчилар малакаси ва техник хизмат сифатини ошириш автобуслардан фойдаланиш муддатини узайтиришда муҳим омил экани қайд этилди.

Изоҳ (0)