Яман ҳусийлари (“Ансар Аллоҳ” ҳаракати) Исроил аэропортларига, жумладан, Бен-Гурионга зарба бериш орқали мамлакатнинг ҳаво ҳудудини тўлиқ блокада қилмоқчи. Бу ҳақда ҳусийларнинг қуролли кучлар вакили Яҳё Сариа маълум қилди.

Исроил Ғазо секторида агрессив ҳаракатларини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилганига жавобан, қуролли кучлар душман Исроилга қарши тўлиқ ҳаво блокадасини ўрнатиш устида иш олиб боришини эълон қилади. Бунинг учун аввало Лод аэропортига (Исроилда у Бен-Гурион аэропорти номи билан танилган) бир неча марта зарба бериш режалаштирилмоқда, деди у ҳусийларга қарашли “Ал Масираҳ” телеканали эфирида.
Ҳусийлар авиакомпанияларни “ушбу баёнотни эътиборга олишга ва самолётлар ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш учун душман аэропортларига барча рейсларни бекор қилишга” чақирди.
3 май куни Исроил яқин кунларда Ғазо секторида ҳужумни кучайтириши мумкинлигини маълум қилди. Ғазодаги операцияни кенгайтириш тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида қабул қилинган. 4 май куни Яман ҳусийлари Бен-Гурион аэропорти ҳудудига баллистик ракета учирди. Уни “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ушлаб қола олмаган. Халқаро аэропорт рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинча тўхтатган. Кейинроқ эса уни тиклаган.
Ҳужум оқибатида 8 киши енгил ва ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган, уларнинг баъзилари бошпанага етиб боришга уринганида жароҳатланган. Яҳудий давлати мудофаа вазири Исроил Кац ҳужум учун етти баравар кўпроқ жавоб қайтарилишидан огоҳлантирган.
Изоҳ (0)