Сурия собиқ президенти Башар Асад бошқаруви даврида махсус хизматлар тахминан саккиз миллион кишини кузатган, қидирган ёки улар ҳақида маълумот тўплаган. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб Деутче Wелле хабар берди.

Бу Сурия халқининг деярли учдан бир қисмини ташкил этади. Махсус хизматлар ва бошқа идоралар уларнинг ҳар бири ҳақида маълумот тўплаган, дейди вазирлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, саккиз миллиондан ортиқ одам сиёсий сабабларга кўра махсус хизматлар эътиборига тушган. Бу асосан норозилик намойишлари иштирокчилари ва режим мухолифларига тааллуқли ҳисобланади. Улар кўпинча “терроризм”да айбланган, ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ёки кузатув остига олинган.
Сурия ҳукумати вакили таъкидлашича, кўпчилик одамлар махсус хизматлар назоратига тушганини фақат назорат-ўтказиш пунктларида тўхтатилганда ёки мамлакатдан чиқиб кетишга уринганда билган.
Асад режимининг ағдарилиши
2024 йил охирида Суриядаги “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги қуролли кучлар мамлакатнинг йирик шаҳарларини, жумладан пойтахт Дамашқни эгаллаб, президент Башар Асад режимини ағдаришга эришди. У ва отаси Сурияни эллик йилдан ортиқ бошқарган эди. Асад оиласи билан Россияга қочиб кетди.
“Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”нинг собиқ раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг янги президенти эттиб тайинланди. У Ғарб мамлакатлари билан муносабатларни яхшилашни бошламоқчи эканини билдирди. АҚШ ва Европа Иттифоқи май ойида “мамлакатлардаги сиёсий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш мақсадида” Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қила бошлади.
Изоҳ (0)