Ўзбекистон ва Кот-д’Ивуар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Маълум қилинишича, 29 апрель куни Нью Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Кот-д’Ивуар Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланди.
Икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Кот-д’Ивуарнинг БМТдаги доимий вакили Тиемоко Морико имзолади. Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини топиш учун икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Шу тариқа, Ғарбий Африкада жойлашган Кот-д’Ивуар Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 160-давлатга айланди. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка қитъа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 159-давлат Тинч океанидаги орол-мамлакат, Ер юзидаги энг кичик мустақил республика – Науру ҳисобланади.
2024 йил сентябрида Либерия Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган 154-давлат, Того 155-давлат, Багама Ороллари Ҳамдўстлиги эса 156-давлат бўлганди.
Нью Йоркда 2025 йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон ва Сомали ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике имзоланганди.
Изоҳ (0)