Тошкент шаҳрида фуқароларни ҳаж ва умра сафарига “Саудия сафари” деган ном остида алдов йўли билан юбораётган турфирма раҳбари ушланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, у навбатдаги мижозларидан ҳаж сафарига юбориш ва ҳаж визасини қилиб бериш эвазига 19 минг доллар олаётган бўлган.
“Менинг вазифам одамлар билан гаплашиш, уларга тушунтириш ва уларни чақириб бериш бўлган. Бир мижоз телефон қилиб, ота-онасига ҳаж йўлланмасини совға қилмоқчи эканлигини айтди. Одам бошига 3 минг доллар беришини айтдим. Улар келиб, 19 минг доллар берди. Олди-берди қилаётганимизда ички ишлар ходимлари келиб қўлга олишди.
Умра масаласи бўйича раҳбаримизга айтганман, лицензиямиз йўқ, нима қиламиз деб. Улар Саудия сафари ташкил қилишимизни, Мадина, Макка шаҳарларини айлантиришимизни айтганлар. Шундай қилиб олиб борсак бўлади, умра қилиш-қилмаслик одамларнинг хоҳиши деганлар. Рамазон ойида 300 кишини учирдик. Раҳбаримиз Саудия сафари деб айтинг деганларига шундай деб айтганман”, дейди турфирма ходими.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Апрель ойининг ўрталарида Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланганди. Шунингдек, пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилганди.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябргача “Ҳаж ва умра ягона портали” ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқилади. Бу орқали фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсад қилинган.
Изоҳ (0)