Хитой сейсмологлари гуруҳи мамлакатда ва унга қўшни ҳудудларда март ойида Мьянмада бўлгани каби кучли зилзилалар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Пекин зилзилалар агентлиги олимлари 8,0 магнитудали кучли ерости силкинишлари кузатилишини прогноз қилмоқда. Тадқиқотчилар 1879 йилдан ҳозирги кунгача бўлган сейсмик фаоллик маълумотларини таҳлил қилиб, зилзилаларнинг олтита асосий даврини аниқлаган.
Ҳозирда минтақа янги сейсмик фаол даврнинг бошланғич босқичига кириши мумкин, дейди мутахассислар.
Март ойи охирида Мьянмада максимал магнитудаси 7,7 бўлган кучли зилзилалар серияси содир бўлди. Ер силкинишлари Таиланд, Хитой ва Вьетнамда ҳам сезилган. Мьянмада зилзила катта вайронагарчиликларга олиб келган: кўплаб биноларга зарар етган. Табиий офат Иравади дарёси устидаги кўприкнинг қулашига ва Мандалайдаги тарихий саройнинг қисман вайрон бўлишига олиб келган. Мьянма ҳукумати мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Табиий офат оқибатида 3,4 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонларни қидириш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Баъзи идоралар норасмий қурбонлар сонини 10 минг деб баҳоламоқда. Қўшни Таиландда эса зилзила қурбонлари сони 20 кишидан ошган, юзлаб бинолар вайрон бўлган, 72 киши изсиз йўқолган.
Изоҳ (0)