АҚШ президенти Дональд Трамп Канадада навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилган куни унинг Американинг 51-штати бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлади. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

“Солиқларингизни икки баравар камайтирадиган, ҳарбий қудратингизни бепул равишда дунёдаги энг юқори даражага кўтарадиган, автомобиль, пўлат, алюминий, ёғоч, энергетика ва бошқа соҳалар билан шуғулланадиган корхоналарни бож ва солиқларсиз тўрт баравар кўпайтирадиган, агар Канада АҚШнинг қимматли 51-штатига айланса, куч ва доноликка эга бўлган инсонни танланг. Кўп йиллар олдин сунъий равишда ўрнатилган чегаралар бошқа бўлмайди”, деб ёзди Америка раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Канаданинг АҚШга қўшилиши “ҳеч қандай камчиликларга эга бўлмайди”.
“Америка энди Канадага аввалгидек ҳар йили юзлаб миллиард доллар ўтказа олмайди. Агар Канада штатга айланмаса, бунинг маъноси йўқ”, деб таъкидлади Трамп.
Илгари Дональд Трамп бир неча бор Канаданинг кўплаб аҳолиси ўз мамлакатининг АҚШнинг 51-штати бўлишини хоҳлаши, бундай бирлашув унга иқтисодий барқарорлик олиб келиши ва хусусан Россия ва Хитойдан келадиган ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишига ишониши ҳақида гапирган эди. Канада бош вазири Марк Карни эса ўз мамлакати ҳеч қачон ва ҳеч қандай шаклда АҚШ таркибига кирмаслигини бир неча бор айтган.
Канададаги сайловлар
Канадада 28 апрель куни муддатидан олдинги парламент сайловлари ўтказилмоқда. Овоз беришда 16 та партия иштирок этмоқда. Ғолиб чиққан сиёсий партия раҳбари эса мамлакатнинг 25-бош вазири бўлади.
Асосий кураш тўртта партия - Либерал партия, Консерватив партия, Янги демократик партия ва “Квебек блоки” ўртасида бўлиши кутилмоқда. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, сайловчиларнинг 42,6 фоизи Либерал партияга, 39,9 фоизи эса Консерватив партияга овоз беришга тайёр.
Маълум қилинишича, 7 миллиондан ортиқ канадалик муддатидан олдин овоз берган - бу 2021 йилдаги аввалги сайловларга нисбатан 25 фоизга кўп.
Дастлаб сайловлар 2025 йил октябрь ойида ўтказилиши керак эди. Бироқ бош вазир Жастин Трюдо истеъфога чиққанидан сўнг унинг ўринбосари Марк Карни сайловларни муддатидан олдин ўтказишни эълон қилди.
Трюдо истеъфога чиқишидан олдин матбуот анжуманида жонли эфирда йиғлаб юборгани хабар қилинганди. Бунга АҚШ президенти Дональд Трампнинг Канадага нисбатан олиб борган “тариф уруши” сабаб бўлган.
Изоҳ (0)