Махсус қўшимча витаминлар фойдалими ёки йўқ? Ушбу саволга жавоб бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларни қизиқтиради. Дори-дармон ишлаб чиқарувчи фармацевтика компаниялари сотадиган турли витамин ва поливитаминларнинг фойдали томонлари эса турли жойларда реклама қилинади. Натижада маркетинг кампаниялари ва ижтимоий тармоқлар таъсирида биз кўпинча жуда қиммат витаминларни сотиб оламиз. Лекин улар бутунлай фойдасиз ва ҳаттоки зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламаймиз.
Саломатликни тиклашга интиладиган инсонларнинг бундай воситаларга ишониши мумкинми? Мутахассисларнинг аксарияти бу саволга “йўқ” деб жавоб беради. Сабабини қуйида кўриб чиқамиз.
Чайналадиган витаминлар
Мармелад шаклидаги чайналадиган ширин витаминлар ўзининг қулайлиги ва болаларга беришда осонлиги билан машҳур. Бироқ фармацевтларнинг фикрига кўра, бундай витаминли ширинликлар таркибида жуда кўп шакар мавжуд, уларнинг ҳар бири ўз ичига камида 3-5 грамм шакарни олади. Таққослаш учун: ЖССТ кунига 30 граммдан кўп шакар истеъмол қилишни тавсия қилмайди.
Бундан ташқари, бундай мазали витаминларни ортиқча еб қўйиш эҳтимоли юқори. Истеъмолчи бир-иккита қўшимча мармеладдан ҳеч қандай ёмон нарса бўлмайди, деб ўйлайди, лекин баъзи турдаги моддалар ортиқча қабул қилиниши заҳарли ва хавфли бўлиши билмайди. Бу, айниқса, А, D, E ва К витаминларига тегишли.
Тадқиқотчилар чайналадиган таблеткаларни фойдасиз деб топишганига яна бир асос: улардаги витаминларнинг таркиби бошқа комплексларга нисбатан анча паст бўлади, чунки ишлаб чиқарувчилар унинг дозаси ошириб юборилиши мумкинлигини билади. Аммо чайналадиган витаминлар оддий таблетка кўринишидаги қўшимчалардан қимматроқ бўлади.
Мултивитаминлар
Кўпинча қўшимчаларга бўлган эҳтиёж аввалдан нотўғри баҳоланади. Ортиқча витаминлар эса уларнинг етишмаслигидан ҳам кўпроқ зарарли бўлиши мумкин.
Америкалик тадқиқотчилар мултивитамин комплекслар танага деярли ҳеч қандай фойда келтирмаслигини айтмоқда. Мултивитаминлар юрак хасталиги ёки саратон хавфини камайтирмайди, қаришнинг олдини олмайди ёки умрни узайтирмайди. Албатта, истисно ҳолатлар мавжуд. Мисол учун, ҳомиладор аёллар ёки жиддий касалликлардан азият чекадиганларга қўшимча витаминлар буюрилиши зарур, аммо поливитаминлар ўрнига мувозанатли овқатланиш тартибини татбиқ этиш кўпроқ самара беради. Бунинг учун кундалик таомномага турли сабзавот, мева ва ёнғоқларни киритиш кифоя.
Тери, соч ва тирноқлар учун комплекслар
Турли рекламадан илҳомланиб, тери, соч ва тирноқларнинг соғлом бўлиши учун мултивитаминлар қабул қилиш сеҳрли натижа беришига ким ҳам ишонмайди? Бироқ шифокорларнинг фикрига кўра, бундай қўшимчалар кўпинча мутлақо фойдасиздир. Улар одатда хилма-хил компонентларни ўз ичига олади ва биргаликда қабул қилинганда организмда сўрилмайди.
Бу ҳолатда қайси турдаги витамин танқислигини қон таҳлили орқали аниқлаш ва даволаш чораларини айнан шу моддалар асосида кўриш лозим. Мисол учун, агар организмда C, E витаминлари ва биотин етишмаслиги бўлса, уларнинг ўрнини тўлдириш орқали тери ва сочлар ҳолатини чиндан ҳам яхшилаш мумкин. Аммо умумий “даволайдиган” мултивитаминлар сезиларли натижаларни бермайди ва шунчаки пулингиз беҳуда сарфланади.
Коллаген
Барчага маълумки, коллаген моддаси тери, бўғимлар ва тўқималар учун муҳим оқсилдир. Аммо уни қўшимча шаклида қабул қилиш қаришни секинлаштиришмайди ва саломатликни тикламайди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қўшимчалар таркибидаги коллаген ҳар доим ҳам организм томонидан биз истаган шаклда сўрилмайди. Яъни, оқсилни организм тананинг эҳтиёжи бор қисмига узатади. Шунингдек, тажрибаларга кўра, коллаген соч тўкилишига ва тирноқларнинг сифатига таъсир қилмайди.
Теримиздаги коллагеннинг ишлаб чиқарилишини ҳар қандай оқсилли таомлар ёрдамида рағбатлантириш мумкин.
Хлорофил
Хлорофил барча турдаги касалликларга даво сифатида ижтимоий тармоқларда фаол реклама қилинаётган янги турдаги БФҚ. Аслида, унинг инсон танаси учун фойдаси бўрттириб кўрсатилмоқда ва бу моддани қўшимчалар шаклида истеъмол қилиш саломатликни яхшиламайди.
Илмий тадқиқотларга кўра, хлорофилнинг жигар саратони касаллигидан ҳимоя қилиши, гемоглобин даражасини ошириши ва анемияни даволай олиши ҳақида ишончли далиллар йўқ. Бундан ташқари, хлорофил сурункали касалликларга қарши курашмайди ва ортиқча вазнни йўқотишни кафолатламайди. Бу муаммоларнинг барчаси комплекс ёндашувни: жисмоний фаолият ва соғлом овқатланишни талаб қилади. Ҳеч қандай биологик фаол қўшимчалар бундай касалликларни даволамайди.
Изоҳ (0)