Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Заркент қишлоғида халқаро узум сайли бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё”га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, мазкур фестиваль икки кун давом этди.
Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, нафақат юртимиз, балки, хорижга биргина вилоятимиз мисолида туризм салоҳиятини кенг намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштириш, – дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов.
Таъкидланишича, мазкур фестивалда Корея, Сингапур, Беларусь, Грузия, Озарбайжон каби 30 дан ортиқ давлатларнинг виночилик соҳасида йирик ва етакчи компания вакиллари ҳам иштирок этган.
Фестивалда айтилишича, Паркент узумчилик тарихи бевосита шу ерлик Тоживой Ризаев номи билан боғлиқ.
Даромад келтирмайдиган, сувсиз ноқулай деб ҳисобланган ер майдонларига узум кўчатлари экилиб, ўтган йилларда тўпланган тажриба ва кузатишлар асосида яратилган агротехник қоидаларга таяниб парвариш қилинди. Бу эса ўз самарасини берди. 1980 йилларга келиб 200 гектар узумзор мўл ҳосил олина бошлади. Сувсиз ерда етиштирилган узум ҳосилидан яхшигина даромад қилган боғбонлар энди ҳеч иккиланмасдан янги узумзорлар барпо этишга киришди, — дейди фестиваль ташкилотчилар.
Фестиваль доирасида шунингдек, Ўзбекистон қаҳрамони Тоживой Ризаевнинг порлоқ хотирасига бағишланган ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди.
Фестивалда бизнес тақдимотлари ва музокаралар ўтказилиб, шартномалар, битимлар имзолаш учун барча шароитлар яратилди.
Фестиваль якунида энг яхши иштирокчилар бир қатор номинациялар ва пул мукофотлари билан тақдирланди. “Энг намунали стенд” Гран-при, 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти Жиззах вилоятига насиб этди.
“Ноёб узум навлари тўғрисидаги илмий ёндашуви учун”, “Узумчилик анъаналарини фаол тарғботи учун” каби 10 дан ортиқ номинациялар ҳамда энг сифатли вино маҳсулоти ишлаб чиқарган, виночиликда инновацион технологияларни ўзлаштирган бир қатор корхоналар, муносиб тақдирланди. Уларга қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари топширилди.
Изоҳ (0)