Индонезиядаги энг фаол вулқонлардан бири Леотоби Лаки-Лаки 17 июнь куни отилишни бошлади. Вулқон 11 километрдан ортиқ баландликка тутун ва кул отган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Вулқон маҳаллий вақт билан соат 17:35 да (БСТ 10:35) отилган. Унинг кратери 1 584 метр баландликда жойлашган. Зарар ва қурбонлар ҳақида хабар берилмаган.
Геология агентлиги раҳбари Муҳаммад Вафид вулқондан 7 километр масофада ҳеч ким ҳеч қандай фаолият олиб бормаслиги кераклиги ҳақида кўрсатма берган. Кучли ёмғир ёғган тақдирда, лахар сув тошқинлари — вулқон материалларининг лой ёки чиқиндилар оқими бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган. Шунингдек, аҳолидан вулқон кулидан ҳимояланиш учун юз ниқобларини тақиш сўралган.
Табиий офатлар оқибатларини юмшатиш миллий агентлиги камида битта қишлоқ эвакуация қилингани, изоляция зонасидан ташқаридаги яна бир нечта қишлоқда кул ёмғири ёғгани ҳақида хабар берган. Ҳукумат вакиллари вулқон атрофидаги аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилишга чақирган. Чунки мамлакатда зилзилалар содир бўлиб турибди, бу эса вулқон фаоллиги давом этаётганидан далолат беради.
Сўнгги маротаба кучли вулқон отилиши ноябрь ойида содир бўлган эди. Ўшанда 9 киши ҳалок бўлиб, минглаб одамлар кўчишга мажбур бўлганди. Кул булути сабабли парвозларни ҳам бекор қилишга тўғри келганди.
Изоҳ (0)