АҚШнинг Виржиния штатида ҳукумат ходими бўлган шахс 29 май куни махфий маълумотларни хорижий давлат вакилига етказишга урингани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

28 ёшли Натан Лаацч 2019 йилдан бери Мудофаа разведка агентлигида (МРА) IT мутахассиси сифатида ишлаган. 2025 йил март ойида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ)га кимдир хорижий давлатга махфий маълумот етказмоқчи, деган хат келган. Шундан сўнг Лаацч ҳибсга олинган.
Лаацч МРАнинг Ички таҳдидлар бўлимида ишлаган ва махфий даражадаги хавфсизлик рухсатномасига эга бўлган. ФҚБга юборилган электрон хатда, бу шахс Трамп маъмурияти қадриятларига қўшилмаслиги ва ўзида бор махфий маълумотларни, жумладан, тайёр разведка ҳисоботлари, ҳали қайта ишланмаган маълумотлар ва бошқа ҳужжатларни улашишга тайёр экани ёзилган.
Лаацч ўзини хорижий ҳукумат расмийси деб таништирган ФҚБ агенти билан бир неча марта мулоқот қилган ва махфий маълумотларни улашишга тайёрлигини билдирган.
ФҚБ шимолий Виржиниядаги боғда операция уюштирган. У ерда Лаацч махфий маълумотни улашиши керак бўлган. 1 майда уни белгиланган жойда маълумот қолдираётганини кўришган. У кетгач, ФҚБ ходимлари жойдан флешка топишган. Унда Лаацчдан хабар ва жуда махфий бир нечта ҳужжатлар бўлган.
7 май куни Лаацч флешка топилганини билганидан кейин ФҚБ агентига яна хабар юбориб, эвазига бирор нарса олиш истагини билдирган. 8 май куни у хориж фуқаролигини олишга қизиқаётганини, чунки Америкада вазият яқин йилларда яхшиланишига ишонмаслигини айтган. Шунингдек, моддий мукофотга қарши эмаслигини билдирган.
14 май куни ФҚБ агенти ундан яна қўшимча маълумот сўраган. 15 майдан 27 майгача Лаацч яна маълумотларни кўчириб, яширинча ташқарига олиб чиқишни бошлаган.
29 май куни у олдиндан келишилган жойга маълумотни топшириш учун келганида ҳибсга олинган. Энди у 30 май куни Виржиния штатининг шарқий округида суд қилинади.
Изоҳ (0)