Хитойда чивин чақиши орқали юқадиган чикунгуня вируси Тайванда ҳам қайд этилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Сўнгги ҳафталарда вирус Хитойнинг жанубидаги Фошан шаҳрида тез тарқалмоқда. Касалланганлар сони аллақачон 8 мингдан ошган. Вирус одатда юқори иситма ва кучли бўғим оғриғи билан кечади.
Тайванда чикунгуня илк бор 30 июль куни Фошандан қайтган аёлда аниқланган. Бу 2025 йилда қайд этилган биринчи ҳолатдир. Аввалроқ Индонезия, Филиппин ва Шри Ланкада ўндан ортиқ бемор аниқланганди. Тайван ҳукумати фуқароларни эпидемия ўчоғи бўлган Хитойнинг Гуандун провинциясига бормасликка чақирди. Сайёҳлардан “кучайтирилган эҳтиёт чораларига” риоя қилиш сўралди.
Вирус юқори иситма, тошма, бош оғриғи, кўнгил айниши, етти кунгача давом этадиган чарчоқ ҳамда мушак ва бўғимларда бир неча ҳафта давом этадиган оғриқларга сабаб бўлиши мумкин.
Фошан ва Гуандун провинцияси атрофидаги ҳудудларда эпидемия Хитой учун мисли кўрилмаган даражада тез ва кенг кўламда авж олди, дейди Wellcome Sanger институтида вирусни кузатувчи британиялик етакчи Рожер Хюсон.
Кучли ёғингарчилик ва юқори ҳарорат Хитойдаги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Расмийлар дронлар ёрдамида чивин тухум қўядиган турғун сувларни аниқламоқда. Ташқаридаги сув идишларини бўшатмаган фуқаролар 10 минг юан (тахминан 1,4 минг доллар)гача жаримага тортилиши ва электр таъминотидан узилиши мумкин.
Аҳоли чивинлардан ҳимояланиш учун тўр ва бошқа воситалардан фойдаланмоқда. Вирусга чалинган беморлар эса камида бир ҳафта шифохонада даволанмоқда.
Изоҳ (0)