11 сентябрь воқеалари АҚШ жамияти ва халқаро жамоатчиликни ларзага солди. Қўшма Штатлар шундан сўнг “террроризмга қарши глобал кураш” шиори билан Афғонистонга бостириб кирди. Аммо бу икки давлат ўртасида мисли кўрилмаган масофа борлиги боис америкаликларга яқин ҳудуддан логистика маркази керак эди. Бу учун Қирғизистоннинг Манас аэропорти танлаб олинди.

Дуглас Эделман 1952 йили Калифорнияда таваллуд топган. Бироқ Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан у Россияга кўчиб ўтди. Боиси ҳали оёққа туриб улгурмаган Россияда ўзи учун имкониятлар кўрди. Аниқроқ айтганда, рус қонунчилигидаги бўшлиқлар ва урчиб кетган коррупциядан бойлик жамғаришда фойдаланиш мумкинлигини тушунди. Шу тариқа у Россиянинг нефть соҳасига кириб келди.
Орадан бир неча йил ўтиб, Эделман Қирғизистонга кўчди. Бу ерда у биринчилардан бўлиб Ғарб намунасидаги кафе — American Pubʼни очди. Қўшма Штатлар Манас аэрдромидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни бошлагач, унинг тамаддихонасидан хўрандалар аримай қолди. Мижозлар орасида собиқ ҳарбий офицерлар кўп эди. Пентагон уларни Афғонистондаги жараёнларни мувофиқлаштириш учун жалб этганди.
Ҳарбийлар билан қалин алоқалар Эделманга Пентагоннинг контрактлар бўйича мураккаб тизимини енгиб ўтишга ёрдам берди. Бу борада унга АҚШ армияси собиқ полковник-лейтенанти Чак Сквайрс катта ёрдам берди. Боиси у Қўшма Штатларнинг Бишкекдаги элчихонасида ҳарбий атташе бўлиб ишлаган.

Очиқ манбаларга кўра, Эделман Mina ва Red Star номли компаниялари орқали 2003 йилдан бошлаб америкаликларга ёнилғи ва хизматлар сотишни йўлга қўйди. Эътиборлиси, у маҳсулотни Россиядан олиб келарди. Рус қонунчилигида мавжуд тақиқ эса айланиб ўтилди. Бунга унинг амалдорлар билан алоқалари ёрдам берди.
Манас аэродромидан ҳавога кўтарилган ҳар бир Америка самолёти унинг бойлигига бойлик қўшарди. Эделман бошқарувидаги компаниялар 2003 йилдан 2014 йилга қадар пудратчи сифатида икки миллион литрга яқин авиация ёнилғиси етказиб берди. Маълумотларга кўра, ўша йиллари ҳарбий базанинг ёнилғига бўлган эҳтиёжини қондириш учун 1200 киши меҳнат қилган.
Пентагон билан шартномалар ҳисобига бойиб борар экан, Эделманда ғалати ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Дўстлари у марихуанага одатланиб қолгани ҳамда шахсиятини яширишга интилгани ҳақида гувоҳлик беришган. Яъни Эделман ўзи ҳақида маълумот имкон қадар кам бўлишини истар ва бу бежиз эмасди.

Mina ва Red Star компаниялари пудратчи сифатида катта даромад олаётган бир вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Эделман ва унинг шерикларига қарши тергов ишларини бошлаб юборди. Жараён билан АҚШ Солиқ хизматининг жиноий тергов бўлими (IRS) ва Афғонистонни тиклаш учун махсус инспектор генерал бошқармаси (SIGAR) шуғулланган. Кейинроқ ишга АҚШ Адлия департаменти ҳам баҳо бериб, уни Қўшма Штатлар тарихидаги энг йирик солиқдан қочиш жиноятларидан бирида айблади.
Эделман ўз корпоратив империясини мураккаб схемалар, жумладан, Британия Виргин ороллари ва Белизда рўйхатдан ўтган 10 та ширкат орқали бошқарган. Қолаверса, ихтиёридаги бизнесларнинг 50 фоиз улуши француз миллатига мансуб рафиқаси Делфин ле Денга тегишли деб сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Аёл АҚШ фуқароси бўлмагани боис бу уларни солиқ тўлаш мажбуриятидан сақлаб қолди.
Шу йўл билан орттирилган бойликлар ҳисобига у ҳашаматли ҳаёт кечирди. Лондонда қаср, Австрияда эса чанғи чалетини сотиб олди. Суд ҳужжатларига таянилса, у бу мулкни рафиқасининг ишсиз акаси номига расмийлаштирган. Кейинги йилларда Эделманнинг қимматбаҳо активлари қаторига иккита яхта ҳам қўшилди.
“Бу ақлдан озиш эди. Ўша даврда унда қандайдир кибр бор эди. У ҳаммасидан қутуламан деб ўйларди”, деган унинг дўстларидан бири.
Эделман ёнилғи савдосидан келган даромадни бошқа соҳаларга йўналтира бошлади. У Афғонистондаги АҚШ контингентини интернет билан таъминловчи компания, Мексиканинг Тулума курорт ҳудудида кўчмас мулк дастури, Жанубий Судандаги реклама фирмаси ва бошқа лойиҳаларга сармоя киритди. Қолаверса, Мексикада амалга оширилган ёқилғи инфратузилма лойиҳасида улушга эга бўлди.

Эделманнинг солиқдан қочишга уринишлари у билан ҳамкорлик қилганларни ҳам илҳомлантирди. Аммо якунда бу ўзлари учун қимматга тушди.
Маҳкама
Аммо унинг бизнес империяси узоқ вақт сояда қололмасди. 2023 йилга келиб уни Испанияда қўлга олиб, АҚШга экстрадиция қилишди. Бироқ 12,9 миллион долларлик гаров пули эвазига уй қамоғига чиқарилди.
Лекин суд белгилаган қоидалар бир неча кун ўтмай бузилди. Эделман тергов ҳужжатларида келтирилган, бироқ ўзи инкор қилган шериги Роберт Дунeр билан боғланиб, Багамада жойлашган банк ҳисобига киришда ёрдам сўради. Натижада у яна панжара ортига қайтарилди. Кейинроқ суд мажлисида Эделман ўз ҳаракатларини “ёлғизлик” билан изоҳлади.
Тадбиркор устидан суд жараёнлари 2024 йилнинг июль ойида бошланди. 2025 йилнинг 21 май куни у Вашингтон федерал суди томонидан қўйилган 30 банддан иборат оғир айбловларнинг ўнтасини тан олди. Улар орасида АҚШ расмийларини алдаш, солиқдан бўйин товлаш ҳамда ёлғон баёнот бериш каби айбловлар бор. АҚШ қонунчилигига кўра, уларнинг ҳар бири учун 5 йилдан жами 50 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Аллақачон 72 ёшни қаршилаган айбланувчи устидан якуний ҳукм 2026 йилнинг 17 ноябрь санасида ўқилиши белгиланган.
Эделманнинг ўз айбини тан олиши камёб ҳолатлардан бири ҳисобланади. Боиси АҚШ қонунчилиги солиқлар масаласига анча кескин ёндашгани боис аксарият одам бундай жиноятлардан тонишни маъқул кўради. Қолаверса, ҳолат фирибгарларни фош этиш учун ресурслар камайиб бораётган бир вақтда юз бермоқда. Чунки Трамп маъмурияти АҚШ Солиқ хизматининг жиноий тергов бўлими ходимларини 25 фоизга камайтирмоқчи. Ташкилотнинг энг бадавлат шахсларни текширишга масъул бўлими эса аллақачон 38 фоизга қисқариб бўлди.
Оқ уй томонидан ташкилот директори лавозимига кўрсатилган номзод эса агентликни бутунлай тугатиш тўғрисидаги қонунни таклиф қилган собиқ конгрессмендир.
“Бу — солиқ бошқарувининг тугаши дегани”, дейди собиқ IRS агенти Уоррен.
Масалага бошқа тарафдан қаралса, Эделман иши Пентагоннинг ҳисоб-китоб борасидаги доимий муаммоларини кўрсатиб берди. Пентагон ўзининг триллионлаб доллар қийматдаги активларини самарали бошқариш ва аудитдан ўтказишда камчиликларга эга. Эделман кабилар бундан ўз манфаатларини илгари суриш ва мўмай даромад орттиришда фойдаланиб қолди. Қолаверса, рус ва қирғиз сиёсий доиралари билан яқинлашиб, коррупция билан боғлиқ шубҳа-гумонлар марказига чиқди.
У 2003 йилдан 2014 йилгача, яъни Манасдаги ҳарбий база ёпилгунга қадар 7 миллиард долларлик пудрат шартномаларини амалга оширди. Аммо солиқдан қочиш эвазига қурилган ҳашаматли ҳаёт якуни Эделманни алал-оқибат панжара ортига тиқди.
Изоҳ (0)