АҚШ мудофа вазири Пит Хегсет 2021 йилда Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши бўйича аввалги текширувлар натижалари ва бошқа фактларни ўрганиш учун махсус гуруҳ тузишни буюрди.

Мудофаа вазирининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси ва катта маслаҳатчи Шон Парнеллга вазирлик учун махсус кузатув гуруҳини тўплашни буюраман, у аввалги терговларни диққат билан ўрганиб чиқади... ва АҚШ учун жаҳон саҳнасидаги энг қоронғи ва ҳалокатли лаҳзалардан бирига олиб келган қарор қабул қилиш жараёнини таҳлил қилади, деди Хегсет
У аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп билан биргаликда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш чоғида нималар содир бўлганини ўрганиб чиқишга ваъда берганини яна бир бор эслатди. Пентагон раҳбарига кўра, вазирлик сўнгги 3 ой давомида ушбу ҳодисани ўрганиш билан шуғулланган ва энди кенг қамровли текширув ўтказади.
Пентагон маълумотларига кўра, Жо Байден маъмурияти бошчилигидаги қўшинларнинг олиб чиқилиши тартибсиз кечган. Фожиали оқибатлардан бири 2021 йил 26 август куни Кобул аэропорти яқинида содир этилган теракт бўлиб, унда 13 нафар америкалик ҳарбий ва 170 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Байден қўшинларнинг олиб чиқилиши АҚШ манфаатларига мос келишини айтиб, миссияни муваффақиятли деб атаганди. 2021 йил август ойида АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Афғонистонни тарк этгач, мамлакатда ҳокимият “Толибон” ҳаракати қўлига ўтди.
Изоҳ (0)