Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида жойлашган Тиллакори мадрасаси реставрация қилинади, шунингдек, “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасида реконструкция-реставрация қилиш, қўшимча бинолар қуриш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари бошланади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 19—21 май кунлари Тошкент шаҳрида агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашнинг йиғилиши ўтказилган. Унда 120 га яқин лойиҳа кўриб чиқилган.
Илмий-эксперт кенгашининг қарорига кўра, Самарқанд шаҳар, Регистон майдонида жойлашган Тиллакори мадрасасини реставрация ва тиклашга ёдгорликнинг безакларига зиён етказмаслик шарти билан рухсат берилган. Шунингдек, Самарқанд вилоятида жойлашган “Сўфи Оллоёр” масжидида таъмирлаш-тиклаш, Шаҳрисабз шаҳар тарихий марказида жойлашган “Қалъа девори”, Сурхондарё вилоятидаги “Туз ғори” маданий мерос объектини мукаммал таъмирлаш, Қашқадарё вилоятидаги “Соқи Мавлон ота” мақбарасини тарихий ва табиий ландшафт кўринишини сақлаган ҳолда комплекс зиёратгоҳга айлантириш, “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасида реконструкция-реставрация қилиш, қўшимча бинолар қуриш ҳамда ҳудудни ободонлаштириш каби таклифлар маъқулланган.
Бундан ташқари Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги “Тошбулоқ” ҳамда “Тўғонбулоқ” археологик ёдгорликларини моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилиши тасдиқланган.
Йиғилиш давомида Наманган вилоятидаги “Ғурумсарой” (“Холматбой”) масжиди ҳудудида янги масжид барпо этиш, Андижон вилоятидаги “Ҳотамхон тўра” масжиди архитектура ёдгорлигида мавжуд хонақо қисмида қўшимча бино қуриш каби лойиҳалар рад этилган.
“Умумий ҳисобда Бухоро, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари, Бухоро, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари бўйича 11 та лойиҳа тарихий ёдгорликларнинг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, Кенгаш томонидан берилган тавсиялар тўлиқ бажарилмагани боис тасдиқдан ўтмади”, дейилган хабарда.
Март ойида Самарқандда Амир Темур оила аъзолари яшаган мажмуа 415 млн сўмга реставрация қилинаётгани хабар берилганди.
Апрель ойида президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2025 йилда маданий мерос объектлари реставрациясига камида 4 миллион доллар грант жалб қилиниши ма`лум қилинганди.
Қашқадарё вилоятидаги XV асрга оид “Лангар ота” масжиди АҚШ гранти кўмагида реставрация қилинди. Бунинг учун АҚШ Элчилари маданий мерос муҳофазаси жамғармаси (AFCП)дан 250 минг АҚШ доллари сарфланди.
Изоҳ (0)