Дональд Трампнинг ёнида Россияни яхши биладиган одамлар деярли йўқ. Шу сабабли Америка экспертлар ҳамжамияти Россия етакчиси Владимир Путин ва Трамп ўртасида 15 август куни Аляскада бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашувни хавотир билан кутмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри ёзди.

Манбага кўра, кўпчилик 2018 йилда Хелсинкида бўлиб ўтган Трамп ва Путин учрашувини эслайди. Мутахассислар, сиёсатчилар ва журналистларнинг деярли бир овоздан берган баҳосига кўра, ўша пайтда Трамп музокараларда муваффақиятсизликка учраган. Америка президенти Путин билан учрашувда бирорта муҳим мавзуни кўтармаган ва ўзини Путиндан паст тутган.
Ўша пайтда Трампнинг Россия бўйича маслаҳатчиси бўлган Фиона Хилл кейинроқ тан олишича, саммит якунидаги қўшма матбуот анжумани чоғида раҳбарининг гапларидан шу қадар даҳшатга тушганки, уни тўхтатиш учун ўзининг тутқаноқ хуружини сохталаштириш ҳақида ҳам ўйлаган.
Нашрнинг ёзишича, бу сафар америкаликлар томонидан тайёргарлик нуқтайи назаридан вазият янада ёмонроқ бўлиши мумкин. Трамп иккинчи муддатга сайлангач, маслаҳатчиларни тажрибасига қараб эмас, балки садоқатига қараб танламоқда. Шунингдек, у АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида катта тозалашлар ўтказган. Оқибатда Россия ва Украина бўйича экспертлар ишдан бўшатилган ёки ўзлари кетган. Ҳозирги маъмуриятда эса Кремль билан мазмунли суҳбат олиб боришга қодир бирорта ҳам одам йўқ.
Илгари бундай учрашувларга ҳафталаб тайёргарлик кўрилган. Миллий хавфсизлик кенгаши барча идоралардан маълумот тўплаб, президентнинг ҳар қандай савол ёки изоҳга қандай жавоб беришини режалаштирган. Бу идоралар ичида энг муҳимларидан бири Давлат департаменти эди. Бироқ июль ойида Давлат департаментидан Россия ва Украинани кузатиб борувчи таҳлилчилар ва яна 1300 киши бўшатилган. Хизматда қолганлар АҚШда сиёсий руҳ ҳеч қачон ҳозиргидек паст бўлмаганини айтган.
Бундан ташқари, АҚШнинг на Россияда, на Украинада элчиси бор. Давлат котибининг Европа ишлари бўйича ёрдамчиси лавозими ҳам бўш қолмоқда. Россия билан асосий музокарачи ролини президентнинг махсус элчиси Стив Уиткофф бажаради. У параллел равишда Яқин Шарқ билан ҳам шуғулланади. Уиткофф 2025 йилгача дипломатик тажрибага эга бўлмаган қурилиш соҳасидаги тадбиркор эди.
Трампнинг собиқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтоннинг айтишича, Хелсинки саммити олдидан у самолётда президентга ядро қуроли ҳақида бирор нарсани тушунтиришга уринган. Бироқ Трамп телевизорда футбол кўришни афзал кўрган. Ҳозирда эса Аляскага учадиган самолётда Болтон ёки шу даражадаги сиёсатчи йўқ. Трампнинг эшитиш маданияти ёмонлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Оқ уйдагилар штат қисқариши ишнинг тезлашишига ва самаралироқ бўлишига олиб келишини айтмоқда. Трамп эса истеъдодли жамоадан маслаҳат олаётганини таъкидлаб келади. Марко Рубио бир вақтнинг ўзида давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи вазифасини бажаради. Бундан олдин бу икки лавозимни бирлаштирган ягона одам Генри Киссинжер бўлиб, у 1973–1975 йилларда иккита лавозимда ишлаган. Рубио эса Киссинжердаги тажриба ва обрў-эътибордан йироқ сиёсатчи.
Нашрнинг урғулашича, Аляскадаги учрашув олдидан ҳам умумий ташқи сиёсатда Трамп фактлар, экспертиза ва тайёргарликдан кўра кўпроқ ўз туйғулари ва шахсий муносабатларига таянмоқда. Буни Трампнинг Путин билан суҳбатнинг дастлабки икки дақиқасида урушни тугатиш мумкинми ёки йўқлигини англашга берган ваъдаси ҳам исботлайди.
Худди шу экспертлар таъкидлашича, Путин жуда тажрибали сиёсатчи ва музокарачидир. У ҳар доим мавзуни пухта билади, суҳбатдошларини майда гаплардан тутиб олади. Россия президенти Трамп доимо таянадиган харизма таъсирига берилмайди. Financial Times суҳбатдошлари буни очиқ айтишни афзал кўрмасалар-да, Путин худди 2018 йилда Хелсинкида бўлгани каби Трампни осонликча енгиб кетиши аниқ.
Трамп эса нашр мақоласини “адолатсиз” деб атади. У мақолага фикр билдирган Жон Болтонни “ишдан бўшатилган омадсиз” ва “жуда аҳмоқ” дея таърифлади. Бироқ унинг гапларида ҳеч қандай асосли эътироз йўқ эди.
Изоҳ (0)