IndiGo авиакомпанияси Мумбайдан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Унга кўра, Ҳиндистоннинг лоукостер авиакомпанияси Тошкентга иккинчи йўналишни очмоқда. 2025 йил 1 августдан авиаташувчи Мумбай—Тошкент—Мумбай йўналиши бўйича мунтазам қатновларни амалга оширишни бошлайди. Рейслар ҳафтасига тўрт марта душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари Airbus А320 самолётларида амалга оширилиши режалаштирилган.
IndiGo — бош қароргоҳи Ҳиндистоннинг Гургаон шаҳрида жойлашган ҳинд хусусий лоукостер авиакомпанияси. Компания мунтазам қатновлар сони ва самолётлар сони бўйича мамлакатдаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланади. IndiGo 2023 йил сентябрь ойидан Деҳли—Тошкент—Деҳли йўналиши бўйича Ўзбекистонга мунтазам рейсларни амалга ошириб келмоқда.
Янги йўналиш — Мумбай, илгари Бомбей номи билан танилган, Ҳиндистоннинг молиявий маркази ва дунёдаги аҳоли энг зич жойлашган шаҳар марказларидан бири. Ҳиндистоннинг ғарбий соҳилида Араб денгизи бўйида жойлашган шаҳар Болливуднинг юраги ҳамда савдо, мода ва кўнгилочар маркази ҳисобланади.
Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси 2024 йил 17 августдан Деҳли—Тошкент—Деҳли йўналиши бўйича мунтазам йўловчи қатновлари сонини ҳафтасига тўрт мартадан етти мартагача оширган эди. Ушбу авиакомпания 2023 йил 22 сентябрдан Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлаган.
Изоҳ (0)