Туркиянинг Ниғде вилоятидаги йирик фермер хўжаликлари Ўзбекистондан қонуний асосда ишчи кучини жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ва Миграция агентлиги вакиллари амалий сафар билан ушбу вилоятда бўлиб, Ниғде вилояти Чорвадорлар уюшмаси раҳбари Билгехан Гуней билан учрашди.
Уюшма раҳбари мулоқот аввалида мазкур тузилма 14 000 дан ортиқ чорвадорларларни бирлаштиришини, улар бугунги кунда малакали ишчи кучига эҳтиёж сезаётганини ва мазкур бўш иш ўринларига Ўзбекистон фуқароларини жалб этишга яқиндан кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Туркия вакили Ўзбекистон раҳбарияти томонидан миграция жараёнларини тартибга солиш, хавфсиз ва тизимли меҳнат миграциясини ташкил этиш, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган мамлакат фуқароларини ҳамда уларнинг оила-аъзоларини қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинаётган дастурлар ва уларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.
Суҳбат якунида уюшма раҳбари билан Ўзбекистондан қонуний асосда ишчи кучини жалб этиш ва Ниғде вилояти меҳнат бозоридаги амалдаги талабларни батафсил ўрганиш бўйича мулоқотларни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.
Ўзбекистон вакиллари Туғрул зотдор қорамоллар ва сут маҳсулотлари етиштириш корхонаси ҳам бўлди. Дастлаб бу ерда ишчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди. Корхона раҳбарияти билан олиб борилган музокараларда Ўзбекистон фуқароларини ташкилий равишда ишга жойлаштириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Маълум қилинишича, корхона томонида ишчилар муносиб маош, уч маҳал овқат ва ётоқхона билан таъминланади. Шунингдек, виза билан боғлиқ масалалар ҳамда ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш ва бошқа ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар Туркия томони зиммасида.
Словенияга ўзбекистонлик шифокорлар юқори маошли ўринларга ишга таклиф қилинаётгани ҳам маълум қилинганди. Ойлик иш ҳақи 2 500 еврони ташкил этади.
Изоҳ (0)