Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда “Ҳизб ут-таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг яширин гуруҳи фош этилди.

Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1962 йилда туғилган, муқаддам “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига аъзо бўлиб, Жиноят кодексининг 159 ва 244-1 ҳамда 244-2-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун 2000—2019 йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахс 1965—1971 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний гуруҳ тузган.
2024—2025 йиллар давомида Қўқон шаҳридаги чойхона ва ошхоналарда ўтказилган ўзаро йиғинларда гуруҳ аъзолари “Ҳизб ут-таҳрир” ғояларини Ўзбекистонга олиб кирилишини, ушбу ташкилот томонидан чоп этилган китоб ва журналларда ифодаланган ақидапарастликни, халифалик давлати қуриш ғояларини қўллаб-қувватлаб келган. Шунингдек, Telegramʼдаги ёпиқ каналга аъзо бўлиб, унда “Ҳизб ут-таҳрир”га тегишли материаллар билан мунтазам танишиб борган.
Гуруҳнинг 1971 йилда туғилган аъзоси ҳам муқаддам “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотидаги иштироки учун 23 йиллик жазо муддатини ўтаб, 2024 йилнинг апрелида озодликка чиққан бўлса, бошқа бир аъзоси эса фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун умрининг маълум бир қисмини панжара ортида ўтказган шахс ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-1 (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ҳамда 244-2 (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Уларни қандай жазо кутмоқда?
Жиноят кодексига кўра, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон ҳудудий яхлитлигини конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш БҲМнинг 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)