Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фарғоналик “Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий” диний экстремистик оқими аъзоси қўлга олиниб, суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Марғилонлик Ваҳоб Акрамов 1999 йилда “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига қасамёд қилиб, унинг сафига кирган. Жамоат жойларида, бозорларда диний оқимнинг варақаларини тарқатиб келган чоғда қўлга тушган. Бу қилмиши учун Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми “б” банди (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилган бўлса) билан айбли деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ваҳоб Акромов озодликка чиққач, оила-аъзоларини олиб, ноқонуний йўл билан қўшни Қирғиз Республикасига қочиб ўтади. У хавфли рецидивист бўлгани ҳолда “Ҳизб ут-таҳрир” халқаро террористик ташкилотига содиқлик қасамёдини қабул қилган. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳудудида, кейинчалик бутун дунёда шариат қонунларига асосланган халифалик давлатини қуриш билан боғлиқ жиноий ҳаракатини давом эттиради.
Қирғиз Республикасида бу ташкилотнинг аъзолари билан учрашиб, жонли “ҳалқа” йиғинларида иштирок этган. Шу билан биргаликда ташкилот сафига янги аъзоларни жалб этиш ва қабул қилинган аъзоларга диний таълим бериш ишлари билан шуғулланган. У “масъул” лавозимга тайинланиб, Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилояти Бағдод ва Бувайда туманларида ташкил этилган ташкилот “ҳалқа”сининг аъзолари саналган М.Солиев, П.Солиев, Х.Мамажонов, Ғ.Бекмирзаев ва бошқаларга диний экстремистик руҳдаги адабиётлардан сабоқ бериб келган.
Жиноят ишлари бўйича Бағдод суди томонидан Ваҳоб Акрамовнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми ўқилган.
Изоҳ (0)