Самарқандда қурувчилик фаолияти билан таниқли бўлган «Умар» қурилиш компанияси раҳбари, йирик тадбиркор Умар Ражабов, унинг ўғли, «Умар» компаниясига қарашли яна икки қурилиш фирмаси раҳбарлари устидан жиноий иш қўзғатилган. Бу маълумотни бир неча манбалар «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевга тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, Самарқанд вилоят прокуратураси эҳтиёт чора сифатида уларни қамоққа олди. «Умар» қурилиш компаниясининг уйлари атрофидаги можаролар икки йилдан бери давом этаётган эди.
Ушбу компания қурган уйларнинг бузилиши ҳақидаги гап-сўзлардан саросимага тушган буюртмачилар, яъни уйга пул тўлаган одамларнинг айримлари берган пулларини қайтаришни талаб қила бошлаган. Ана шундай шикоят хатлари асосида вилоят прокуратураси «Умар»га қарши Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3, 4-бандларида кўзда тутилган катта миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айблаб жиноий иш очди ва компания раҳбарлари қамоққа олинган.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ҳозирча расмий маълумот бермади.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатиб боради.
Изоҳ (0)