Каталониянинг “Барселона” клуби ёзги трансфер ойнасида “Ливерпуль” вингери Луис Диасни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг Mundo Deportivo нашри хабар берди.

28 ёшли колумбиялик футболчи “кўк-анорранглилар”нинг асосий трансфер мақсадларидан бири бўлиб турибди. Бироқ клуб молиявий чекловлар сабабли бу трансферни амалга оширишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда.
Манбага кўра, “Барселона” раҳбарияти “Ливерпуль” “Реал” футболчиси Родриго Гоэсга қизиқиш билдираётганидан яхши хабардор. Каталонияликлар ҳисоб-китобига кўра, агар “қизиллар” Родриго трансферини амалга оширмоқчи бўлса, аввал жамоадан баъзи футболчиларни сотишга мажбур бўлади. Шу сабабли, “Барселона” Луис Диас бўйича нарх туширилишига умид қилмоқда.
Луис Диас 2022 йил январида “Ливерпуль” таркибига қўшилган ва жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 70 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)