Шоирнинг шеъридан рухсасиз фойдаланган яна бир хонанда Фаррух Хамраев жаримага тортилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан фарғоналик шоир Исмоилжон Бабаевга тегишли “Она юринг, ҳажга борамиз” номли шеър хонанда Фаррух Хамраев томонидан рухсатсиз ҳамда тегишли тартибда шартнома тузмасдан фойдаланилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддасининг биринчи қисми билан жарима жазоси тайинланди.
Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Бундан аввал хонанда Феруза Каримова қўшиқ ижросида шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун муаллифга 40 млн сўмдан зиёд тўлайдиган бўлганди.
Шунингдек, Райҳоннинг “Яхшимасми” қўшиғида шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланганди. Шоир Шамсиддин Садоийнинг Адлия вазирлигига қилган мурожаати асосида “Давлатинг борида”, “Омонат” ва “Тингла, дўстим” номли шеърлари хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилгани аниқланган. Яна бир машҳур шоир хонанда Ботир Қодиров устидан Адлияга шикоят қилган.
Абдуссамий тахаллуси билан билан танилган шоир Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли “Қизғанаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ҳамда “Дилдора” номли шеърлар хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилган.
Куни кеча эса Манзура ва Муроджон Йўлдошев “Азизим” қўшиғини муаллиф рухсатисиз куйлагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)