Хонанда Азамат Шарипов “Ўзимизнинг гап” кўрсатувига берган интервьюсида ҳаёт йўли, қийинчиликлари ва санъатга бўлган муҳаббати ҳақида сўзлаб берди.

Азамат Шарипов 80 йилларда гуруҳ тузиб, тўйларга чиқишни бошлаган. Унинг отаси ёшлигида вафот этган, шундан сўнг онаси билан бирга қийин кунларни бошдан кечирган. “Тўй — бу халқ учун хизмат, оддий нарса эмас”, дейди хонанда.
Одам энди яшайман деганда умр тугай деб қоларкан. Мен ҳам ётган вақтларимда сўнгги манзилга келдим, деб ҳис қилганман. Соғлиғим билан боғлиқ муаммоларим ҳам бўлган. Аммо ҳозир яхшиман, жигарим безовта қилмаяпти, дейди у.
Шарипов укаси Икром ҳақида ҳам гапириб ўтади: “Укаларим орасида мени энг яхши тушунадигани — доирачим Икром. Мени хатти-ҳаракатларим орқали сўзсиз тушунади”.

Хонанда 60 йиллик умр давомида дуч келган синовлари ҳақида ҳам сўзлаб берди:
Ҳаётимни ҳозир ёмон деб айтолмайман, ҳаммаси ўз жойига тушди. Оиламизда муаммолар бўлган, фарзанд доғини кўриш эса энг оғир синов бўлди. Мана шу нарсалар йигит кишини синдириб қўяркан. Менда йўқчилик бўлди деб айтолмайман, чунки санъаткорлар пул ичида юради, дейди хонанда.
Азамат Шарипов 22 ёшли қизини узатгани ҳақида ҳам гапирди.
Ёлғиз қизимни тўй қилиб узатдим. Минг афсуски, тўй бўлганида ҳам унинг касаллигини, умрининг оз эканини билардим. У жуда қисқа умр кўрди. Бу воқеалар кўз ўнгимда содир бўлди. 1980 йиллар отам 40 ёшида қўлимда вафот этган эди. Тилдан қолиб, жигарлари қуриб, ётиб қолган вақтларида “дадангни қўлидан ушлаб ўтиргин”, деб мен ёш болани ичкарига олиб киришган. Ўшанда 8-синф эдим, дейди у.
Шунча йўқотишлардан сўнг, санъаткор онасининг ҳам кўз ўнгида вафот этганини сўзлаб берди.
Қизим вафот этганидан йиллар ўтиб, онам ҳам машинада елкамга бошини қўйиб жон берди. Ўшандан кейин мен жигар серрози, инсульт бўлганман. Учта энг яқин одамингни йўқотиш жуда оғир кечаркан, дейди санъат вакили.
Фарзандим вафотидан кейин овозим қалтираб қолган эди. Ҳамма яқинларим йиғилиб тадбир уюштирганди. Ашула айтинг дейишганда, айтолмайман деганман. Кейин чиқиб секин йиғи овози билан айтганман. Овоз бир пардада текис чиқмай қолиши юракка боғлиқ экан дейди, Азамат Шарипов.
Хонанда интервьюда ҳозир ўзи хоҳлаганидек ҳаёт кечираётганини, ўғиллари ва набиралари борлигини ва ҳаёти анча яхши эканлигини айтди.
Кўпчилик “Жудаям ёшариб кетяпсиз, кўп ижод қиляпсиз, бу шижоатни қаердан оласиз?” деб сўрайди. Чунки ҳозир ҳаётим гўзал, ҳаммаси жойида, дейман. Маза қилиб яшагим келяпти, чекиниш йўқ, дейди Азамат Шарипов.
Оилада 7 ўғилмиз, онам Фармонбибидек бўлган. Дадамнинг оёқ кийимларини мактабга кийсам, уйга келган одамларга “қара, оёқ кийимимни кийиб кетяпти, катта бўлиб қолибди”, деб хурсанд бўлардилар. Отам 40 ёшида вафот этди, дейди у.
Санъат соҳаси кўп йиллик тажриба ва чуқур маҳорат талаб қилади. Эски авлод санъаткорлари саҳнанинг ҳақиқий табарруклигини ҳис этиб, унинг қадр-қимматини билишади. Хонанда бу борада ўз фикрларини шундай билдирди: “Афсуски, ҳозирги замон ёшлари саҳнани оддий жой деб ҳисоблашади. Саҳнанинг табарруклигини бизнинг давримизда чиққан санъаткорлар тушунади. Ахир бу саҳналарга қанчадан қанча буюк инсонлар чиққан”.
Азамат Шарипов қўшиқларини бошқа санъаткорлар куйлашидан хурсанд бўлишини таъкидлади:
Қўшиқларимни айтишяпти, бу зўр. Мендан-да улуғ санъаткорлар қўшиқларимни куйлашади, хурсанд бўламан. Ахир бу қўшиқ болам-ку, мен яратганман-ку уни. Нега айтма, дейишим керак? Фақат бузмасдан айтса бўлди, дейди санъаткор.
Хонанда оиласининг тинч-тотув бўлишини ва яна бир неча йил ижод қилишини тилади. Устозларининг сўзларини эслаб, таниқли бўлиш осон, аммо севимли бўлиш қийин эканини таъкидлади. Шунинг учун у мухлисларнинг кўнглида севимли санъаткор сифатида қолишни истайди.
Изоҳ (0)