Шундай фильмлар борки, уларни кўргандан сўнг офис диққинафас жойга айланиб, шаҳар шовқини эса тобора чидаб бўлмас туюлади. Бироқ руҳий дам олишга ёрдам берадиган, ҳатто денгиз бўйида ҳордиқ чиқаришга илҳомлантирадиган фильмлар ҳам мавжуд.
“Мамма МИА!”
Сюжет марказида севгилиси Скай билан тўйга тайёргарлик кўраётган қиз Софи (Amanda Сайфред) туради. Софи отаси уни меҳробга олиб боришини орзу қилади, бироқ бир муаммо бор — у отасининг кимлигини билмайди. Онаси Доннанинг (Мерил Стрип) кундалигини топгач, қиз учта эҳтимолий номзодни аниқлайди: Сем Кармайкл (Пирс Броснан), Билл Андерсон (Стеллан Скарсгард) ва Гарри Брайт (Колин Ферт). Уларнинг қайси бири отаси эканини билиш умидида онасидан яширинча, у учала эркакни ҳам тўйга таклиф этади. Доннанинг собиқ севгилисининг кутилмаган пайдо бўлиши бир қатор кулгили ва таъсирли вазиятларга олиб келади, ўтмишдаги ҳис-туйғулар ва оилавий сирлар очилади.
“Мамма МИА!” фильми Эгей денгизидаги юнон оролларида суратга олинган. АBBА гуруҳининг Dancing Queen, Super Trouper ва, албатта, Маmmа Мia каби қўшиқлари ҳикояга жўшқинлик ва ҳиссиёт бахш этади.
“Мовий кўрфаз”
Кема ҳалокатидан сўнг кимсасиз оролда икки бола — Ричард (Кристофер Аткинс) ва Эммелин (Брук Шилдс) қолиб кетади. Бутунлай ёлғиз қолган болалар дунёни ўзлари англашга, маданиятдан узоқда яшашни ўрганишга ва вояга етган сари янги туйғуларни ҳис қилишга мажбур бўлади.
Воқеалар Ямайка ва Фижи оролларида тасвирланган бўлиб, бу оролларнинг гўзаллигини ҳақиқий тарзда кўрсатиш имконини берган. Оқ қумли мовий қирғоқ ва орқадаги қалин ўрмонзорлар кундалик ҳаёт ташвишларидан қочиб кетгингиз келадиган жаннатдек таассурот қолдиради.
“Қалб хотиржамлиги”
Элизабет Гилбертнинг шу номдаги китоби 2010 йилда экранлаштирилди. Жулия Робертс ижросидаги бош қаҳрамон ташқи кўринишдан мукаммал бўлган ҳаёти — муваффақиятли карьераси, турмуши, уйи уни бахтли қилмаслигини англайди. Оғриқли ажралишдан сўнг, у ўзини топиш мақсадида саёҳатга чиқишга қарор қилади.
Лизнинг сафари уч босқичга бўлинади, уларнинг ҳар бири унинг ички изланишининг маълум бир қирраларини ифодалайди. Италияда у мамлакат маданияти ва ошхонасига шўнғиб, оддий қувончлардан лаззатланишни ўрганади. Сўнгра Ҳиндистонда медитация орқали маънавий юксалишга интилади. Ниҳоят Балида Гилберт жисмоний ва руҳий мувозанатни топишга ҳамда янги муҳаббат учун қалбини очишга умид қилади.
Фильм ташриф буюрилган ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос жиҳатлари билан бойитилган. Томошабин қаҳрамон билан бирга Римнинг тор кўчаларида сайр қилади, ҳинд ашрамида медитация қилади ва Бали соҳилларида қуёш ботишидан завқланади. Мазкур фильм баъзан одатий нарсаларни ортда қолдириб, номаълумликка қадам ташлаш кераклигини эслатади.
“Осмонга қўл узат”
Драма ўлимга маҳкум этилган Мартин Брест (Тил Швайгер) ва Руди Вурлицер (Ян Ёзеф Лиферс) исмли икки ёш йигитнинг касалхона палатасида учрашиши ҳақидаги воқеани ҳикоя қилади. Яшаш учун саноқли кунлар қолганини тушуниб етган бахтсиз дўстлар касалхонадан қочиб, денгизга йўл олишга аҳд қилишади, чунки Руди уни ҳеч қачон кўрмаган экан. Йигитлар юкхонасида миллион немис маркаси бўлган машинани ўғирлайди. Уларни жиноятчилар ва полиция таъқиб қилса-да, қаҳрамонлар сўнгги орзуларини рўёбга чиқариш учун ўз йўлларида давом этади.
Фильм томошабинга ҳар қандай вазиятда ҳам орзуларига интилиш ва тўлақонли ҳаёт кечириш нақадар муҳимлигини эслатади. Бош ролларни немис киносини машҳур қилган жуфтлик — Тил Швайгер ва Ян Ёзеф Лиферс ижро этган.
Изоҳ (0)