Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига янги вазифа юклади.
Эндиликда Шаҳноза Мирзиёева ногиронлиги бор ҳамда ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши ва оилавий муҳитга қайтишини ташкил қилиш масалаларини мувофиқлаштиради.
Йиғилшда қайд этилишича, 2024 йилда меҳрибонлик ва болалар уйларидан 300 нафар ўғил-қиз оилавий муҳитга қайтди. Ҳозирда оилавий муҳитдан ажралган ҳолда таълим-тарбия олаётган яна 500 нафар бола бор.
Масъул идораларга Миллий гвардия тажрибаси асосида 500 нафар болани оилавий болалар уйига жойлаштириш ва таълим олиши учун шароит яратиш топширилди.
Назоратсиз ва қаровсиз болалар яшаши, ўқишига ихтисослашган мактаблар рўйхати қайта кўриб чиқилади, уларда бундай болалар учун 5 фоиз квота бўлади. Бунда ушбу мактабларга болаларни Ижтимоий ҳимоя агентлиги йўлланмаси асосида юбориш кўзда тутилади.
Келгуси йилда ногиронлиги бор инсонлар ҳақида камида 5 та мотивацион ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олинади. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ҳам Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.
Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Шаҳноза Мирзиёева зиммасига камбағал оилалар фарзандларини боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштиришни топширганди.
Изоҳ (0)