Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинглар натижасида реклама қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқлангани сабаб Texnomart МЧЖ жаримага тортилди.
Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, Texnomart Telegram каналида жойлаштирилган “Энг зўр таклиф” мазмунидаги мобил телефонлар рекламаларида маҳсулот нархи ва тўлов шартлари бўрттириб кўрсатилгани аниқланган. Хусусан, Vivo Y03 телефони учун 213 167 сўм ойлик тўлов, Honor Х7б телефони учун эса 274 167 сўм этиб кўрсатилган.
Қўмита томонидан бошқа савдо дўконларидаги ушбу маркали мобил телефонлар нархлари солиштирилганда, Texnomart МЧЖ савдо дўконларидаги муддатли тўлов нархлари нисбатан юқорилиги аниқланган. Бундан ташқари, рекламада “энг”, “энг яхши” каби орттирувчи нисбатлар ишлатилган, лекин бу даъволарни тасдиқлайдиган аниқ далиллар тақдим этилмаган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан қўмита махсус комиссияси томонидан Texnomart МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли моддалари талаблари бузилиши билан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Изоҳ (0)