Бошланғич нархи 29,7 миллиард сўмлик давлат харидларида қонун бузилишига йўл қўйган Урганч давлат университетига нисбатан тегишли чора кўрилди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.
Қўмитанинг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси вилоят прокуратурасининг топшириғига асосан Урганч давлат университети томонидан давлат хусусий шерикчилиги асосида 7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши бўйича бошланғич нархи 29,7 миллиард сўм бўлган тендер савдоси юзасидан ўрганиш ишларини ўтказган.
Ўрганишлар давомида университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига юборилган анкетада “7 қаватли, 600 ўринли талабалар турар жойи биноси қурилиши” объектини соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифаси II тоифа қилиб белгилангани маълум бўлган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги қарорига асосан, 9 қаватгача бўлган Олий таълим муассасалари III тоифа сифатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозимлиги қайд этилган.
Аммо Урганч давлат университети томонидан III тоифа сифатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозим бўлган объектни II тоифа қилиб белгилаши натижасида бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг тендерда иштирок этиши чекланган.
Қайд этилишича, юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан Урганч давлат университетига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан тегишли суд органига маълумотлар юборилди.
Шунингдек, қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Изоҳ (0)