Жаҳон банки Тожикистонда Роғун гидроэлектр станцияси (ГЭС) мегалойиҳаси қурилишини якунлаш учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) 350 миллион доллар миқдоридаги грантини маъқуллади.
Станция Душанбедан 110 километр шарқда барпо этилмоқда. Лойиҳа ҳужжатларига кўра, унинг ўрнатилиш қуввати 3,6 минг мегаваттни ташкил этади. Роғун ГЭС — бу ҳукумат томонидан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига энергия мустақиллигига эришиш ҳамда арзон электр энергиясини экспорт қилиш учун мўлжалланган объект.
Роғун ГЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг тахминан 70 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистонга арзон нархларда экспорт қилинади.
Тожикистон ҳукумати қурилиш даврида камбағалларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш учун умуммиллий фойда тақсимоти дастурига даромаднинг 3 фоизини ажратиш мажбуриятини олди. Бу кўрсаткич қурилиш якунланганидан сўнг 5 фоизгача ошади.
ГЭС қурилишини якунлаш учун тахминан 6,3 миллиард доллар талаб этилади. Бу маблағ лойиҳа даромадлари, ички манбалар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Роғун ГЭСга йўналтирилган ушбу сармоялар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилма инвестициялар банки (ОИИБ), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Европа инвестиция банки (ЕИБ), Европа Иттифоқи (ЕИ), Ислом тараққиёт банки (ITБ), ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси, Саудия жамғармаси, Абу-Даби жамғармаси, Қувайт жамғармаси ва бошқа эҳтимолий ҳамкорлардан грантлар ҳамда имтиёзли маблағлар кўринишида деярли 3 миллиард доллар жалб этишга ёрдам беради.
Роғун ГЭСда ишлаб чиқарилган электр энергияси мамлакатнинг умумий энергетика тизимига узатилади. 2018 ва 2019 йилларда ишга туширилган иккита агрегат 80 дан 120 мегаваттгача электр энергияси ишлаб чиқармоқда.
Тожикистон Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йил охиридан 2023 йил августигача бўлган даврда станциянинг иккита турбинаси жами 6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
Станцияда ҳар бирининг қуввати 600 мегаватт бўлган жами олтита агрегат ўрнатилади, ГЭСнинг ўрнатилиш қуввати 3.600 мегаваттни ташкил этиб, йиллик ўртача ишлаб чиқариш ҳажми 17 миллиард киловатт-соатга етади. Янгиланган қурилиш режасига кўра, иншоотни тўлиқ фойдаланишга топшириш 2042 йилгача режалаштирилган.
Изоҳ (0)