Канадада Британия Колумбияси университети олимлари дарахт пулпасидан тайёрланган янги турдаги батареяни яратди. У 60 кун ичида тупроққа сингиб кетади ва ўзидан ҳеч қандай чиқинди қолдирмайди.

Батарея асосан кам қувват талаб қилувчи қурилмаларга, жумладан, қўл соати, смарт кўзойнак, GPS қурилмалари ва ҳоказоларга мўлжалланган. У целлюлозадан тайёрланган бўлиб, бу унга табиий парчаланиш имконини беради. Қурилмада токсик металл ва коррозияга учровчи кимёвий моддалар йўқ. Аксинча у экологик тоза электролитлардан ташкил топган. Батареяни зарядлаш одатдагидек амалга оширилади.

Бу технология электрон чиқиндилар муаммосига ечим бўлиши мумкин. Чунки у тупроқда эриб, ўзидан зарарли моддалар тарқатмайди. Уни ишлаб чиқариш ҳам анча арзонга тушади.
Маълумотларга кўра, ҳар йили 50 миллион тоннадан ортиқ эски телефон, ноутбук, телевизор ва бошқа электрон қурилмалар чиқиндига ташланади. Улардаги батареялар таркибидаги қўрғошин, кадмий ва литий каби заҳарли металлар табиатга катта зарар келтиради. Одатдаги литий-ионли батареялар қизиб кетиб, портлаши ёки ёниб кетиши мумкин. Уларни қайта ишлаш қимматга тушиб, кўп энергия талаб қилади.
Изоҳ (0)