Ижтимоий тармоқ саҳифаларида Чилонзордаги боғчада 5 ёшли бола 2-қават зинасидан тушиб кетгани айтилган хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.

Унга кўра, бу воқеа 2025 йил 30 июнь куни тахминан соат 9:45 лар атрофида Чилонзор туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида рўй берган. Таълим ташкилотида тарбияланувчи Р.И. назоратсизлик оқибатида иккинчи қават зинасидан йиқилиб тушган. Бундан хабар топган ташкилот ҳамшираси тарбияланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган ва 16-сонли шаҳар шифохонаси болалар бўлимига олиб борган.
Шифокорларнинг бирламчи ташхисига кўра, тарбияланувчи Р.И.га “икки қўл билак соҳаси синиши, бурун суяк соҳаси синиши, юқори жағ курак тишларининг алиёнлари осиғининг синиши” ташхиси қўйилган. Боланинг аҳволи оғир бўлгани сабабли жонлантириш бўлимига жойлаштиришгани, аҳволи яхшиланганидан сўнг жонлантириш бўлимидан чиқарилгани аниқланган.
Айни пайтда ҳолат бўйича Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Боғчалардаги воқеалар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди.
28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди.
6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
5 март куни Олмалиқдаги боғчада боланинг устига қайноқ сув тўкилганди.
Изоҳ (0)